Барча хасталиклар сабабчиси – нотўғри овқатланиш

Барча хасталиклар сабабчиси – нотўғри овқатланиш

 

 Бу эса, ўз навбатида, инсонни соғлом турмуш тарзи томон етаклайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ўнта касаллик тури ва ўлим сабабларидан олтитаси — семириш, камқонлик, юрак-қон томир, жигар ва буйрак касалликлари ҳамда диабет нотўғри овқатланиш билан боғлиқ.

Дунёдаги етакчи илмий марказларда олиб борилган кузатувларда ҳайвон ёғидан ва юқори сифатли ун маҳсулотларидан тайёрланган таомлар ҳамда ширинликларни меъёридан ортиқ тановул қилиш, овқатланиш тартиби ва ритмига амал қилмаслик озиқ-овқатларнинг асосий таркибий қисмлари ўртасидаги мувозанатнинг бузилишига ва оқибатда мазкур касалликлар келиб чиқишига олиб келиши тасдиқланмоқда.

Чунки улар қонда холестерин (ёғсимон заррачалар) миқдорининг ошиши, қон босимининг кўтарилиши, миокард инфаркти, бош мияга қон қуйилиши ёки ишемик инсульт (бош мия ва бўйин томирларида ёғлар ўтириб қолиши оқибатида унда қон айланишининг ўткир бузилиши), қандли диабетга мойиллик туғилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда бутун дунёда тана вазни оғир, яъни семиз кишилар тобора кўпайиб бормоқда.

Дунё шифокорлари агар тегишли чора-тадбирлар кўрилмаса, 2025 йилга бориб, семизликка чалинганлар сони икки баробар кўпайиши мумкинлигидан хавотирда. НИГОҲ Жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиш систолик (юқори) ва диастолик (пастки) қон босимини 5-10 мм. симоб устунига пасайтириб, қонда ёғ алмашинувига ижобий таъсир этади ва юрак касалликларига олиб келувчи холестерин миқдорини камайтиради.

Мамлакатимиз раҳбарининг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланиши замирида ҳам ана шу касалликларнинг олдини олиш назарда тутилган. Фармонда таъкидланганидек, COVID-19 пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканини кўрсатди.

Коронавируснинг янги тури, асосан, юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) каби ҳамроҳ касалликларга чалинган беморлар ҳаётига хавф солмоқда. Соғлом турмуш тарзи тушунчаси кенг маънога эга бўлиб, у жисмоний фаоллик, зарарли одатлар, яъни гиёҳвандлик, тамаки (носвой) чекиш, спиртли ичимликлар истеъмолига қарши кураш ва рационал овқатланиш кабиларни ўз ичига олади. Шу ўринда инсон организмига таъсир этувчи минглаб омиллар ичида овқатланиш, айниқса, ўз вақтида ва меъёрида, зарур бўлганда эса парҳезбоп таомлар истеъмол қилиш етакчи аҳамиятга эга эканини ёдда тутиш лозим.

Овқатланиш тиббий нуқтаи назардан, ёш, тана тузилиши, иқлим, мабодо касаллик бўлса, унинг тури ва давридан келиб чиқиб, хасталикнинг олдини олиш учун турли тартиб ва таркибда тавсия этилади. Шундагина инсон узоқ, соғлом ва фаровон умр кўриши мумкин. Тиббий нуқтаи назардан, кунда тўрт марта ва ҳар куни бир вақтда овқатланиш мақсадга мувофиқ. Унинг тахминан 25 фоизи биринчи нонуштага, 15 фоизи иккинчи нонуштага, 35 фоизи тушликка, 25 фоизи эса кечки овқатга тўғри келиши соғлом овқатланишнинг асосий шартидир. Овқатланганда унинг таркибий қисмига эътибор бериш жуда муҳим. Оқсилга бой озиқ-овқатлар асаб тизими қўзғалувчанлигини оширгани сабабли уларни куннинг биринчи ярмида, яъни инсон фаол ҳаракатда бўлган даврда истеъмол қилиш маъқул. Акс ҳолда, уйқуни қочиради ёки чуқур уйқу ҳолати юзага келишига тўсқинлик қилади. Кечки овқат кунлик овқатланишни кўп қисмини ташкил этганда ёғларнинг оксидланиши тўлиқ кузатилмай, семиришга мойилликни келтириб чиқаради.

Соғлом овқатланишни ташкил этиш озуқаларнинг яхши ҳазм бўлиши учун имконият яратади. Таом ейиш миқдори ва сонининг кўпайиши овқат ҳазм қилиш маркази қўзғалувчанлигини камайтиради ва иштаҳани сусайтиради. Ёши 50 дан ошган кишилар истеъмол қиладиган озиқ-овқатлар калорияси 2500-2600 дан ошмаслиги ва ёғ ҳамда шакар миқдори кескин чегараланиши керак. Шу ўринда кечки овқат уйқудан камида 2-3 соат олдин истеъмол қилиниши кераклигини алоҳида таъкидламоқчимиз. Гўшт ва балиқдан тайёрланган таомлар (шу жумладан, ёғли), асосан, эрталаб ва кундузи истеъмол қилиниши лозим. Кечки овқат таркибида ош тузи кескин чегараланиши, кўпроқ сутли таомлар бўлиши мақсадга мувофиқ. Чунки улар уйқу вақтида организмнинг физиологик фаоллигини ўзгартирмайди. Улардан фарқли ўлароқ, тузли ва гўштли овқатлар юрак-қон томир ҳамда нафас тизимига салбий таъсир кўрсатиб, қон босимини, юрак уриши ва нафас сони пасайиши эмас, аксинча, кўпайишига олиб келади.

Истеъмол қилинадиган озиқ-овқатларнинг толаларга (қора, қуритилган ҳамда бир кун олдин пиширилган нон ва бошқалар), витаминларга, калий ва магний тузларига бой бўлиши ҳамда таомларнинг ўсимлик ёғида тайёрланиши қон томирларида склероз ривожланишига тўсқинлик қилишини эсдан чиқармаслик керак. Кунлик таомномада сабзавот ва мевалардан тайёрланган салатлар, винегретлар, карам, помидор, бодринг, қовоқ, кашнич етарли даражада бўлиши, дуккаклилар, яъни нўхат, ловия, мош, шунингдек, турли қўзиқоринлар чегараланган миқдорда ишлатилишига аҳамият берилади. Пишлоқ ва творогнинг ҳам ёғсизлантирилган сутдан тайёрланганлари фойдалидир. Ичиш учун аччиқ бўлмаган чой, мева шарбатлари, ўтли дамламалар тавсия этилади. Бир сўз билан айтганда, овқат рациони турли-туман бўлиши ва улар инсон организмига ижобий таъсир кўрсатиши қарилик ва касалликка олиб келувчи жараёнларни тўхтатиш ёки секинлаштиришга сабаб бўлади.

Мунтазам равишда жисмоний фаол ҳаёт кечириш юрак-қон томир фаолиятини мўътадиллаштиради ва касаллик пайдо бўлишининг олдини олади. Жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиш систолик (юқори) ва диастолик (пастки) қон босимини 5-10 мм. симоб устунига пасайтириб, қонда ёғ алмашинувига ижобий таъсир этади ва юрак касалликларига олиб келувчи холестерин миқдорини камайтиради. Шунингдек, организмнинг энергияга бўлган талаби ва унинг сарфланишини меъёрлаштиради, кайфиятни кўтариб, умумий аҳволни яхшилайди. Углеводларга бўлган (қандли диабет пайдо бўлишига) чидамлиликнинг ошиши, семириш, суяк-мушак касалликлари ва ўсмалар пайдо бўлиши хавфини камайиши ҳам бевосита жисмоний машғулотлар билан мунтазам шуғулланиб боришга боғлиқ.

Ҳаракат бизнинг баданимизни шакллантиради. Жисмоний тарбия интизом, ирода, уюшқоқлик, меҳнатсеварлик, юксак ақлий эътиқод ва ижтимоий аҳамиятга молик қимматли фазилатларни мужассамлаштиради. Организмнинг биологик имкониятларини ёритиб беради. Шу ўринда айтиш жоизки, организмни чиниқтириш (сув муолажалари) унинг ноқулай иқлим шароитлари, яъни иссиқ ёки совуқ таъсирига чидамлилигини оширади.

Шунингдек, ҳар куни ўз вақтида уйқуга ётиш ва уйғониш, енгил душ қабул қилишга одатланиш инсон саломатлигида самаралидир. Ҳар куни камида етти соат ухлаш эртанги фаолиятни кучайтиради. Руҳиятга таъсир қилувчи омиллар ҳам соғлом турмуш тарзида ўзига хос ўринга эга. Инсон руҳияти ва саломатлиги ўртасида ҳаётий ҳамда табиий боғлиқлиқ мавжуд. Соғлом тана, соғлом ақл, соғлом идрок , соғлом руҳ ҳар бир инсонда муштарак бўлиши шарт. Стресс ва салбий омиллар — барча касалликларнинг сабабчиси. Асабийлашиш ва руҳий зўриқишдан ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Гули ШАЙХОВА,

Тошкент тиббиёт академиясининг

овқатланиш гигиенаси кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори