БФҚлар нега дорихоналарда сотилмайди? — мутахассис изоҳимият
Марваридлар океанда ўсади. Уларни Веьтнам, Хитой, Камбоджидаги фермерлар сунъий кўлларда ҳам етиштиради. Чиғаноқ ичидаги дурлар бир йилда атиги 3 миллиметр ўсиши эса, жараён жуда узоқ давом этишини англатади. Чунки, унинг нархи ҳажмига кўра баҳоланади.
Бир шодаси камида 100-200 доллар турадиган дурни кукунга айлантириб, Биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ишлаб чиқариш кимга керак? Ҳисоблаб кўрилса, агар таблетка ишлаб чиқарилса, Хитойни ўзига бир неча тонна керак бўлар экан.
Аслида тухум пўстлоғи, творог ва банан каби меваларда жуда кўп миқдорда бўладиган ва инсон организмига сингиши ҳам осон кальцийни қимматбаҳо тошдан олишдан қанчалик фойда бор?
Бу каби саволлар билан бир қаторда нега БФҚлар дорихоналарда сотилмаслиги ҳақида Ўзбекистон халқ табобати академияси бошқарув раиси ўринбосари Беҳзод ҲАМРОЕВ билан суҳбатлашдик.
- Аслида биологик фаол қўшимча яъни (БФҚ) инсон организми учун зарур моддалар етишмовчилигини тўлдирувчи табиий бирикмалар табиатда мавжуд, - дейди Б.Ҳамроев. - Бунинг учун марваридни кукун қилиш ёки маржон қояларни парчалаш шарт эмас. Шу ўринда бу борадаги афсоналарга ишонадиганларга айтишим керакки, Япония ва унинг атрофидаги давлатларда маржон қояларни кесиб олиш броконерлик ҳисобланилиб, 7 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Чунки, 400 квадрат метр маржон қояда 140 турдаги денгиз жонивори яшайди. Денгиз ҳайвонларининг ўрмони ҳисобланган бу оазис бир йилда атиги 5 сантиметр ўсади. Уни ердан чопиб олиниши билан таркибидаги барча моддалар парчаланиб кетади ва фойдали хусусияти йўқолади. Бундай БФҚ ўрнига пойтахтимиз бозорларида сотилаётган экологик тоза денгиз карамини истеъмол қилсангиз ҳам арзон, ҳам фойдали.
- Шундай дейсиз-ку, лекин БФҚлар кўплаб касалликларга даво экани кенг тарғиб қилинади. Шунга яраша уларнинг нархлари ҳам жуда баланд.
- Тўғри, халқимиз ишонувчан. Кўп ҳолларда фирибгарларга ишониб, билиб-билмай БФҚларни харид қилади. Аллоҳ ҳар бир инсонга ўзига хос ақл-идрокни берган. Шу боис БФҚ сотаётганларга саволлар бериши керак. Шунчалик фойдали бўлса нима учун дорихонада сотилмайди? Бундай қиммат нархлар кимга мўлжалланган? Ишлаб чиқарувчи давлат рўйхатидан ўтганми? Хом ашё ҳақида сертификат борми?
Унутмаслик керак, ҳеч ким бирор манфаат бўлмаса, бекорга бировга яхшилик қиламан, деб ҳаракат қилмайди. БФҚ ишлаб чиқарувчи одам асосий фоизни олади, бундан давлат ҳам, халқ ҳам ҳеч қандай фойда олмайди. Аксинча, оддий одамлар пул ва соғлиғини йўқотади. Негаки, чиройли қадоқланиб, бирор-бир машҳур бренд корхона номи қўйилган БФҚлар сифатига эътибор берилмайди.
Негаки, чет элдан келтирилган, айниқса яширин йўллар билан киритилган дори воситаларини қайси давлатда, нимадан тайёрланганини билмайсиз. Агарда ишлаб чиқарувчи юртимиз ҳудудида бўлса, қаерда, ким ишлаб чиқаргани, қайси хом ашёдан тайёрлангани, қандай ҳолатда сақланганини текшириш мумкин.
- Демак, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, уларга БФҚ дори воситаси эмаслигини тушунтириш керак экан. Бундай маҳсулотларнинг дорихоналарда сотилмаслигининг сабабини нима билан изоҳлаш мумкин. Тармоқли маркетинг сотувчилари талаб кўп, маҳсулот эса кам, деб жавоб беришади.
- Ишлаб чиқаришдаги 20 йиллик тажрибам асосида айтишим мумкин-ки, дорихоналарга етказиб беролмаймиз, деган гап баҳона. БФҚ кўпроқ хориждан келаётгани боис улар мисолида айтаман. Ҳар бир ишлаб чиқариш корхонаси, айниқса, экспорт қилса, керакли миқдордан уч баробар ортиғи билан мўлжал олади. Ишлаб чиқариш заводларидаги маркетинг билан шуғулланадиган одамлар Ўзбекистондаги талабни ўрганиб, 5 мингта дорихона бўлса, 15 минг дорихонага мўлжаллаб, хомашё тайёрлайди.
Аслида БФҚ нафақат дорихонада балки исталган савдо шохобчасида сотилиши мумкин. Чунки, у дори-дармон эмас, ўз номи билан биологик фаол қўшимчалар. Бироқ, маҳсулотни очиқ-ойдин сотиш учун унинг тегишли ҳужжатлари бўлиши керак. Давлат Стандарт агентлигидан, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қўмиталари текширувдан ўтказилиб, ҳужжатлар беради. Зеро, уларнинг таркибида оғир металлар, гижжалар, родионуклетлар кабилар бор, йўқлиги текширилади. Хом ашёнинг қаердан олингани ҳақида экспертиза хулосаси бўлиши керак.
- Тўғри, БФҚ таклиф қилаётганлар маҳсулотни Японияда, Германияда ёки АҚШда ишлаб чиқарилганини айтади. Шундай экан ишлаб чиқарувчи хорижда бўлади. Айни вақтда бундай савдогарлар тадбиркорлик ниқобига бекинмоқда.
- Бундай савдо бутун дунёда тарқалган бўлиб, уни номи “сетевой маркетинг” дейилади. У кеча ёки бугун ўйлаб топилмаган, 20-30 йиллардан буён давом этмоқда. Дунёда соппа-соғ одам йўқ. Ҳамма ҳам шифокор ҳузурига боради. АҚШ мисолида кўрадиган бўлсак, ҳар бир тиббиёт вакилли қайсидир ташкилот билан боғланган. Албатта, бундан ҳар икки томон манфаатдор. Ишлаб чиқарувчи маҳсулотини сотади, шифокор эса шартномага кўра ҳар бир сотилган маҳсулот учун фоиз олади.
- Ана шундай БФҚларни халқ табобати маҳсулоти сифатида реклама қилиб беринг, дея сизга мурожаат қилганлар бўлдими?
- Албатта, бундай ҳолат кўп бўлади. Биз рад этамиз. Ўзимизнинг илмий ишларимиз бор. Шу боис ваколатимиз доирасида биринчи ўринда дори воситаларини ҳаммасини тажрибадан ўтказамиз. Сўнгра тегишли давлат идораларига текшириш учун топширамиз. Давлат божи тўланади. Бундай ишларга баъзида йиллаб вақт кетади.
Эслатма. Суҳбатнинг тўлиқ шакли билан видеода танишасиз.
Сайёра ШОЕВА, Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео), ЎзА
http://uza.uz/uz/posts/bfqlar-nega-dorixonalarda-sotilmaydi-mutaxassis-izohi