Кундалик ва оммавий нутқ: унга қандай тайёргарлик кўриш лозим?

Кундалик ва оммавий нутқ: унга қандай тайёргарлик кўриш лозим?

Нутқ сўзлаш учун тайёргарлик кўриш ҳақида гап кетганда, унда кундалик нутқлар учун тайёрланиш ва муайян бир чиқиш учун тайёргарлик кўришни бир-биридан ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳар кунлик тайёргарлик кўриш нима дегани?

Кундалик тайёргарлик кўриш, энг аввало, ўз-ўзини тайёрлаш, яъни янги билимларни олиш, фан ва техниканинг турли соҳалари бўйича маълумот тўплаш, даврий нашрлардан ахборот олиш, радио ва телевидение орқали ахборотдан хабардор бўлиш, илмий, публицистик, бадиий адабиётларни ўқишни ўз ичига олади.

Маълумки, нотиқлик санъатини инсоннинг умумий маданиятидан ажратиб бўлмайди. Бунга нафақат нотиқлик санъати назариячилари, балки асл сўз усталари билан мулоқот қилган одамлар ҳам эътибор қаратишади.

Янги билимларни эгаллашга интилиш, ўз билимидан доимий қониқмаслик – бу нотиққа мувафаққиятга эришишида фақат ёрдам беради.

Тез-тез омма олдида нутқ сўзлайдиган инсон ҳар доим сафарбарликка шай ҳолатда туриши, ҳар бир қизиқарли материални эътиборга олиши керак. Учраган мисолни, цитатани, ҳикматли гапни ва шу кабиларни ўз чиқишларимда қўлласам бўладими деб ўйлаб кўриш лозим. Газета ва журналлардан парчалар олиш, ўқилган адабиётлардан қайдлар ёзиб олиш, мақол, матал, иборалар, афоризмлар йиғиш, чиқишлардан кейин тингловчилар берадиган саволларни ёзиб олиш тавсия этилади.

Буларнинг барчаси ўз архивингизни яратишингизга ёрдам беради. Машҳур маърузачи методист Э.А.Адамовнинг сўзларига кўра, архивсиз маърузачи мусиқа асбобисиз мусиқачидир, маърузачи архиви унинг катта меҳнатининг ижодий биографияси, тилсиз гувоҳидир. Халқ ҳикматида бекорга мана бундай дейилмаган: «Қалам билан қанчалик кўп ишласанг, тилни ўрганишинг шунча осон бўлади», «Йўлчига йўлда катта юк ноқулайлик туғдиради, нотиққа эса катта юк ҳар доим зарур», «Маърузачига худди қўмондон каби захиралар керак, улар билан у ҳеч қачон енгилмайди», «Кеоакли тошнинг оғири йўқ».

Албатта, ҳаётнинг барча ҳолатларига мос келадиган материални тайёрлаш имконсиз. Лекин энг кўп дуч келинадиган муаммо доирасини аниқ белгилаб олиш, материални тизимли тўплаш ишни енгиллаштиради ва вақтни тежайди.

Маърузачида тайёрланиш учун керакли вақт бўлмаса, бундай архив катта ёрдам беради. Шунинг учун материалларни йиғиш ва тизимлаштириш методикасини ишлаб чиқиш ва ўз архивингизни яратиш тавсия этилади.

Нотиқнинг кундалик тайёрланишига нутқ техникасини эгаллаш ҳам киради.

Нутқ техникасининг асосий элементлари фонацион (гапириш вақтида) нафас олиш, овоз (овозни шакллантиришнинг тўғри кўникмалари) ва дикция (сўзларни, бўғинларни, товушларни талаффуз қилаётгандаги аниқлик даражаси)дир.

Гапираётганда тўғри нафас олиш, аниқ дикция, бенуқсон талаффуз нотиққа аудиториянинг диққатини жалб этишга, нутқнинг мазмунини тингловчиларга энг яхши шаклда етказиб беришга, уларнинг онгига, тасаввурига, иродасига таъсир кўрсатишга имкон беради.

Нутқ техникасига эга бўлиш фикрлар ўртасидаги маъновий боғлиқликни яхшироқ етказиб беришга кўмаклашади.

Ўзининг нутқ аппаратини ҳар доим фаол ҳолатда сақлаш учун нотиқ нутқ техникаси бўйича мутхассислар тавсия этган машқларни тизимли равишда бажариб бориши шарт.

Кундалик тайёргарлик оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини ошириш устида доимий ишлашдир. Айниқса, кундалик ҳаётда нутқий мулоқот маданиятига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ҳар доим тўғри, аниқ ва тушунарли гапириш, фикрларни аниқ ифодалай олиш, ўзининг нутқ предметига нисбатан муносабатини образли ва ҳиссий ифодалай олиш керак.

Иш бўйича суҳбатларда, дўстлар, ҳамкасблар, қариндошлар даврасида турли муаммолар ҳақида суҳбатлашиш, семинар ва амалий машғулотларда тез-тез нутқ сўзлаш, мунозараларда сўзга чиқиш тавсия этилади. Буларнинг барчаси инсонни ривожлантиради, унга зарур нутқ кўникмаларини эгаллашга имкон беради, нутқ маданиятини оширади.

Бугунги кунда телефон, телеграф, факс бизда хатнинг ўрнини эгаллаяпти. Ҳамкорларимиз, яқинларимиз ва қариндошларимиз билан тезда боғланиш имконини бераяпти.

Бундан ташқари доимий ёзишмалар энди ўрганаётган нотиқ учун яхши мактаб бўлган бўларди. Чунки унга ўз нутқ услуби устида ишлашга имкон берган бўларди. Бундан ташқари, хатларда нафақат кундалик янгиликлар ҳақида хабар берилган, балки ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муаммолар ҳам муҳокама қилинган. Албатта бундай хатларни ёзиш осон эмас: вақт, хоҳиш, ирода талаб қилинади. Лекин буюк Цицероннинг гапини унутмаслик керак: «Қалам нотиқликнинг энг ажойиб яратувчиси ва мураббийидир».

Нотиқлик чиқишларни танқидий таҳлил қилишга ҳам имкон беради. Мажлисларда, йиғилишларда, конференцияларда иштирок этаётиб, радио, телевизор орқали нотиқларнинг чиқишларини эшитаётиб нафақат нутқнинг таркибига, балки материални етказиш шаклига, тил маҳоратига, нотиқлик услубларига ҳам эътибор қаратиш керак.

Бирор нотиқнинг чиқишида ўзига нима ёққанини, нима ёқмаганини аниқ ифодалай олишга, қандай ҳаракатлар, сўзлар ва нутқ воситалари нотиқнинг муваффақиятига ёрдам берганини, қайсилари эса унга омадсизлик келтирганини аниқ тушуниб олишга уриниш лозим. Шунингдек, нотиқ аудитория билан қандай ишлаётганига, тингловчилар билан қандай алоқа ўрнатаётганига, нутқ жараёнида юзага келадиган кутилмаган ҳолатларда ўзини қандай тутаётганига эътибор қаратиш зарур.

Йиллар ўтган сари инсонда тажриба ортиб боради ва у ўз чиқишларини ҳам таҳлил қилишни, уларнинг ютуқ ва камчиликлари нимада эканини аниқлашни ўрганади.

Нотиқ ўзининг кучли ва кучсиз томонларини аниқлаши ва шу таҳлил асосида ўзининг барча имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга имкон берадиган ўз услубини ишлаб чиқиши ва мукаммаллаштириши керак.

Нотиқлик санъати соҳасида назарий ва методик билимларга эга бўлиш ҳам кундалик тайёрланишнинг таркибий қисми ҳисобланади. Нотиқнинг фаолияти қандай босқичлардан иборатлигини, тингловчилар билан учрашувга қандай тайёрланиш кераклигини, нутқни қандай тузиш кераклигини, бошқаришнинг қандай усуллардан фойдаланиш мумкинлигини билиш лозим. Бу маълумотларнинг барчаси нотиқлик санъати ва нутқ маданияти бўйича адабиётларда баён этилади. Бизнинг китобимиз ҳам айнан мана шу масалаларга бағишланган. Нотиқлик санъати тарихи барча таниқли нотиқлар ўз устидан кўп ишлаганини, ўз чиқишларига пухта тайёрланганини кўрсатади.

Нотиқ ўз нутқида қуйидагиларга эътибор қаратиши керак:

  • саводлилик, ҳар бир тингловчи учун мулоҳазаларнинг тушунарлилиги;
  • фикрларнинг мантиқийлиги, ишонарлилиги, етарли даражада асосланганлиги;
  • одоб-ахлоқ қоидалари ва хатти-ҳаракатларнинг нутқ меъёрларига мос бўлиши;
  • хулқ ва нутқ одоби меъёрларининг барча талабларига риоя қилиш;
  • ҳиссиётлилик, лекин шуни ёдда тутиш керакки, ҳаддан ташқари ҳиссиёт ва хатти-ҳаракат нотиқнинг обрўсига салбий таъсир қилиши мумкин.

Касбий фаолият учун гапириш қобилияти жуда муҳим, аммо мулоқот жараёнида қарши томондан туриб ўзини тинглай олиш ва ўзининг ишонтира олиш қобилиятига, фикрларининг мантиқийлигига, маълумот даражасига тўғри баҳо бера олиш лозим. Бу, шунингдек, тингловчилар ва қарши томоннинг муносабатини кузатишга ҳам ёрдам беради.

Дилдора РАҲМОНОВА, Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси

https://effect.uz/k/2020/11/02/kundalik-va-ommaviy-nutq-unga-qanday-tayyorgarlik-k-rish-lozim.html