Ўз бизнесингизни ўз уйингизда йўлга қўйинг!

Ўз бизнесингизни ўз уйингизда йўлга қўйинг!

Тадбиркорлар орасида оилавий тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, ўзи яшаб турган уй-жой ҳовлисида фаолият кўрсатаётганлар ҳам бор.

Тадбиркорлик соҳасига яқиндагина кириб келган ёки ўз бизнесини бошлаш ниятида юрган фуқаролар ўзлари яшаб турган уй-жойларида тадбиркорлик фаолиятини олиб бориши мумкинлигидан хабардорми?

Ўзбекистон Республикаси «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолияти бўлиб, ўз иштирокчиларининг ихтиёрийлигига асосланади.

Оилавий тадбиркорлик юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириладиган оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли оилавий корхонадир.

Оилавий корхонанинг бошқа тадбиркорлик субъектларига нисбатан афзаллик томони шундаки, оилавий корхона оила яшаб турган турар жойда фаолият юритиши ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотини шу жойнинг ўзида сотиши мумкин. Яъни, тадбиркорлик фаолияти ўз уйи ёки ҳовлисида амалга оширилаётган бўлса, уни нотураржой тоифасига ўтказиш шарт эмас. Коммунал тўловлар эса аҳоли учун белгиланган таърифлар асосида амалга оширилади.

Шуни ҳам маълумот ўрнида эслатиб ўтиш керакки, оилавий корхона фаолиятнинг айрим турларини фақат махсус рухсатнома (лицензия) мавжуд бўлганда амалга ошириши мумкин.

Оилавий корхона томонидан саноат тусидаги фаолиятни кўп квартирали уйнинг турар жойларида амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Оилавий корхона фойдаланиши мумкин бўлмаган моддалар, материаллар ва асбоб-ускуналарнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги  269-сонли қарори билан тасдиқланган.

Сизда уй-шароитида тадбиркорлик қилиш истаги бўлса, Давлат хизматлари марказлари орқали ёки интернет тармоғидаги fo.birdarcha.uz манзилидан давлат рўйхатидан ўтишингиз мумкин.

Айбек Оразимбетов, Тахиатош тумани Давлат хизматлари марказининг ходими

https://effect.uz/k/2020/11/03/z-biznesingizni-z-uyingizda-y-lga-q-ying.html