Таълим-тарбияга барча дахлдор
Таълим-тарбияга барча дахлдор
Фармон лойиҳаси муҳокамада
Кейинги пайтларда мамлакатимизда илгари сурилаётган эзгу ташаббуслар занжир ҳалқасидек бир-бирига уланиб кетган, ўзаро боғлиқ, бирини бошқасидан айро тасаввур этиб бўлмайди. Қатағон қурбонлари меросини чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштириш, буюк шоир бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш, мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари билан боғлиқ ҳужжатлар қабул қилинди. Негаки, илм-маърифатдан, таълим-тарбиядан юз бурган мамлакат ёруғлик, тараққиёт, фаровонлик кўрмаслигини тарих кўп марта исботлаган.
Маърифий янгиланиш жараёнларида барча - оддий одамлар, турли соҳа вакиллари, ижодкор зиёлилар, академик доиралар, олиму уламолар, кенг жамоатчилик фаол иштирок этиши учун имкониятлар эшиги ланг очилди.
Бу жиҳатлар давлатимиз раҳбарининг "Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони лойиҳаси халқимиз муҳокамасига қўйилганида ҳам яққол намоён бўлаяпти. Бугун ҳаёт шиддат билан ўзгармоқда. Демакки, таълим тизими ҳам туб ижобий ўзгаришларни талаб этмоқда. Лойиҳада акс этганидек, таълим ислоҳотлари, энг аввало, ўқитувчига бўлган эъзоз ва эътибор билан вобаста. Айни дамда ислоҳотлар педагогнинг касбга масъулият-ла ёндашиши, фидойилигига боғлиқ.
Ўзимиз ҳам бола бўлганмиз. Қайсидир ўқитувчи жон-жаҳди билан дарс бериб, мавзуни ўқувчи миясига қуйиб қўйса, кимдир номигагина дарсликдаги сўзларни қуруққина такрорлаш билан, сабоқни ўта зерикарли ўтиб кифояланади. Боз устига баъзан журнал тўлдиришу дафтар текширишни ҳам ҳуснихатли, аълочи юқори синф қизларига юклашдан тап тортмайди. Қизлар ҳам азбаройи ўқитувчилик шарафи сабаб қизиқиб дафтар текширишга тушиб кетади.
Ҳеч кузатганмисиз, болаларнинг кўпчилиги бошланғич синфда ўқишга катта қизиқиш ва иштиёқ билан ёндашади. Мудом "аъло" ва "яхши" баҳоларга ўқиш мақсадида тиришиб, тирмашиб билим олади. Кундалик ё дафтарга думи гажакли баҳо тушгудек бўлса, уввос тортиб йиғлаб, уни астойдил бешга ўзгартиришга интилади. Афсуски, кўпгина болаларда юқори синфга чиққан сари билим олишга бўлган қизиқиш сўниб бориши ҳам бор гап.
Илғор технологиялар, турли "мафтункор" техника воситалар кўпайиб бораётган ҳозирги кунда бу муаммо тобора яққолроқ кўзга ташланмоқда. Эҳтимол, психологлар, педагогика соҳасида изланаётган олимлар бу муаммога ечим топар. Лекин мен буни кўпроқ ўқитувчи масъулияти билан боғлаган бўлардим. Шу боис лойиҳада кўзда тутилганидек, ўқитувчи касбий малакасини оширишга давр талабидан келиб чиққан ҳолда ёндашиши, бу жараёнга унинг бутун фаолияти давомида жиддий эътибор қаратиши алоҳида тилга олинган.
Бугун жамиятдаги иллатлар, кемтикликлар баралла айтиляпти. Ахир уларнинг ҳам илдизи билими пастлик, савод-савиянинг ҳаминқадарлиги, яна ҳам тўғрироғи, тақчиллигида, маънавиятнинг, тарбиянинг кемтиклигида эмасми!?
Юртимиз маърифий ҳаётини тубдан ўзгартиришга қаратилган фармон лойиҳаси бугун кенг жамоатчилик, бутун халқимиз эътиборида. Демакки, таълим-тарбия, билим-маърифатга, эртанги куннинг қандай бўлишига барча дахлдор ва масъул.
Бугун жамиятдаги иллатлар, кемтикликлар баралла айтиляпти. Ахир уларнинг ҳам илдизи билими пастлик, савод-савиянинг ҳаминқадарлиги, яна ҳам тўғрироғи, тақчиллигида, маънавиятнинг, тарбиянинг кемтиклигида эмасми!?
Юртимиз маърифий ҳаётини тубдан ўзгартиришга қаратилган фармон лойиҳаси бугун кенг жамоатчилик, бутун халқимиз эътиборида. Демакки, таълим-тарбия, билим-маърифатга, эртанги куннинг қандай бўлишига барча дахлдор ва масъул.
Назокат Усмонова, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/talim-tarbiyaga-barcha-dakhldor-31-10-2020