Соҳибқирон ўз салтанатига ташриф буюрган элчилардан нега узр сўраган эди?
Соҳибқирон ўз салтанатига ташриф буюрган элчилардан нега узр сўраган эди?
Кун тарихи
Ватанимиз тарихидаги 1 ноябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1404 йил (бундан 616 йил олдин) – Амир Темур салтанати пойтахти Самарқандга келган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ўз кундаликларида қайд этишича, Соҳибқирон саройига ташриф буюрган элчилар биринчи ноябрь жума куни Амир Темурдан ўз юртларига қайтишга рухсат олиш учун унинг олдига бордилар. Соҳибқирон бу вақтда қурилиши давом этаётган Бибихоним жоме масжидида эди. Элчилар эрталабдан тушгача шу ерда бўлишди. Тушлик вақтида Соҳибқирон чодирдан чиқиб, элчилар билан бирга тушлик қилди.
Амир Темур тушликдан сўнг набираси, Кичик Ҳиндистон подшоҳи Пирмуҳаммадни ўз мулкига кузатаётгани учун элчиларни қабул қила олмаслигини айтиб, улардан узр сўради. Ўша куни Соҳибқирон набираси Пирмуҳаммадга, унинг мулозимлари билан бирга келган ясовулларга кўпгина отлар, сарпо-суруқ ҳамда қурол-яроғлар совға қилди.
Эртаси куни иккинчи ноябрда Соҳибқирон амри билан элчилар яна унинг ҳузурига ташриф буюрдилар. Бироқ Соҳибқирон соғлиғи ёмонлиги боис чодирдан ташқарига чиқмади. Элчилар у, одатда, чодирдан майдонга чиқадиган туш пайтигача кутишди. Шундан кейин Соҳибқироннинг уч кишидан иборат аъёнларидан бири чиқиб, Амир Темур чиқа олмаслигини, элчилар ўз жойларига қайтиб боришларини айтди. Бу вақтда Амир Темур оғир бетоб эди.
1924 йил (бундан 96 йил олдин) – Қашқадарё вилояти ташкил этилди. У 1927 йил 17 февралдан 1938 йил 15 январгача Қашқадарё округи мақомида бўлди. 1938 йил 15 январда Бухоро вилоятига қўшиб юборилди. 1943 йил 20 январда қайта ташкил этилди. 1960 йил 25 январда Сурхондарё вилоятига қўшиб юборилди. 1964 йил 7 февралдан янгидан ташкил этилди.
1942 йил (бундан 78 йил олдин) – Ғарбий фронтда ўзбек тилидаги “Қизил аскар хақиқати” газетаси нашр этила бошланди. 1943 йил октябрь ойига келиб Ғарбий фронтнинг номи ўзгариши муносабати билан газета 3-Белоруссия фронтининг сиёсий бошқармаси органига айлантирилди. Газета таҳририяти таркиби ўзбек ёзувчилари Адҳам Раҳмат, Иброҳим Раҳим, Раҳмат Файзий, Маъруф Ҳаким ва масъул муҳаррир Я.Фоменкодан иборат бўлган. Вақт ўтиши билан таҳририят аъзоларида тегишли ўзгаришлар бўлган.
1971 йил (бундан 49 йил олдин) – Тошкентда Имом-ал Бухорий номидаги Олий мусулмон диний ўқув юрти очилди. Унда ўқув муддати 4 йил бўлиб, 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган, ўрта диний ва совет мактаби маълумотига эга бўлган талабалар қабул қилинган.
1991 йил (бундан 29 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг биринчи таъсис қурултойи бўлиб ўтди.
1993 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистонда сўм-купон муомалага киритилди. Унинг курси олдин муомалада бўлиб келган рублга тенглаштирилди. Ўзбекистон раҳбарияти сўм-купонлар асосида зарур тажриба орттирди, ҳақиқий миллий валютани жорий қилиш тадбирларини кўрди.
2002 йил (бундан 18 йил олдин) – Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Археологик маълумотларга кўра, шаҳарга милоддан аввалги биринчи минг йилликда асос солинган. Шаҳрисабз милод бошларида ва илк ўрта асрларда турли номлар билан аталган. Ўн учинчи асрдан Шаҳрисабз номи ҳам урф бўлган.
Шаҳрисабз яқинидаги, ҳозирги Яккабоғ тумани ҳудудидаги, Хожа Илғор қишлоғида Амир Темур таваллуд топган. Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан 1996 йилда Шаҳрисабзда Амир Темур ҳайкали ўрнатилди, шаҳар “Амир Темур” ордени билан мукофотланди. Шаҳрисабз 2002 йил декабрда ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
2017 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 12 боб, 63 моддадан иборат.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади