ФАРЗАНДИНГИЗ МАКТАБГА БОРАЯПТИ
Хавф ёнгинамизда
ФАРЗАНДИНГИЗ МАКТАБГА БОРАЯПТИ
Бугунги кунда фарзандларимизнинг бир қисми мактаблари қучоғида, қолган қисми эса масофавий усулда таълим-тарбия олишмоқда. Уйида онлайн тарзда ўқийдиган ўқувчилар ўз эҳтиётини қилишмоқда. Лекин мактабда ўқиётган ўқувчиларга алоҳида эътибор қаратишимиз керак.
Ўқувчилар мактабда ва кўчада ниқобларини ечмасликлари керак. Фаол ҳаракат ва спорт билан шуғулланишда ниқоб тез намланиши ва инфекциядан ҳимоялай олмаслигини ҳам ёддан чиқарманг.
Шунинг учун ҳам болалар ёшидан қатъи назар инфекция ташувчисидан узоқроқ бўлгани, масофа сақлаши ва бирор юзага қўл теккизган бўлсалар, дезинфекция воситаларидан фойдаланишлари зарур.
Болалар коронавирус инфекциясини анча енгил ўтказишади, улар орасида симптомсиз касалликни ташувчилар, шунингдек, касалликнинг енгил шакли кўп бўлади. Болалар катталарга нисбатан кўпроқ инфекция манбаи ҳисобланишади.
ЯНА ЭСЛАТАМИЗ
Коронавирус юқтириб олишдан ҳеч ким кафолатланмаган. Қолаверса, грипп ва инфекцион касалликлар мавсуми ҳам аллақачон бошланган. Бундай вазиятда саломатликни асраш учун иммунитетни мустаҳкамлаш ва гигиена қоидаларига риоя этиш керак.
Ниқоб тақинг. Инфекция ва вируслар ҳаво томчи йўли орқали юққани учун ҳам мазкур тавсияга амал қилиш шарт.
Қўлларингизни тез-тез ювинг. Энди қўлларингизни фақат кўчадан келганда ёки овқатланишдан олдин эмас, балки тез-тез совунлаб ювиб туринг.
Юзингизга қўл теккизманг. Ювилмаган қўлларда вирус бўлиши ва қўлни юзга олиб борилганда организмга кириши мумкин.
Тиниқиб ухланг. Бундай уйқу иммун тизими ишини яхшилайди.
Гриппга қарши эмланинг. Буни шифокор тавсияга кўра амалга оширинг.
Мева ва сабзавотлар истеъмолини канда қилманг. Витамин ва фойдали моддаларга бой неъматлар иммунитетни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Спорт билан шуғулланинг. Бунинг учун оғир машқларни бажариш шартмас, ҳар куни очиқ ҳавода сайр қилсангиз етарли. Энг асосийси, ижтимоий масофани сақланг.
Манба: “Истиқбол” газетасининг 2020 йил 8 октябрь, 34-сонидан.