ҲАЁТ МАНБАИНИ АСРАНГ ёхуд сувни самарали сарфлаш борасида 10 маслаҳат!
Табиат бойликлари орасида сув алоҳида ўрин тутади. Чунки барча тирик жонзотлар ҳаётининг асосий манбаи сувдир. Сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Ҳаттоки ота-боболаримиз сувни тоза сақлашга, ундан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор берганлар.
Ҳар доим одамларни сув билан таъминлаш масаласи муаммо бўлиб келган. Ҳаттоки, ҳозирги пайтда ҳам Греция, Голландия, Германия, Швейцария, АҚШ ва бошқа кўплаб мамлакатларда ичимлик суви билан таъминлаш бош масаладир.
Бугунги кунда жаҳон миқёсида экологик танглик ҳукм сураётган бир пайтда мустақил Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари табиатнинг барча бойликлари қатори, сув ресурсларига эҳтиёжлари бениҳоя катта. Келажак авлодимизнинг тақдири, саломатлиги обиҳаётимиз билан боғлиқ экан, ҳар биримиз сувдан фойдаланишда уни тежаш қанчалар муҳимлигини ёдда сақламоғимиз даркор!
Сувни самарали сарфлаш борасида 10 маслаҳат!
Аввало, яроқсиз ҳолга келган жўмракларни тузатинг ёки янгисига алмаштиринг. Шуни унутмангки, носоз жўмрак кунига 30-200 литргача бўлган сувни “томизиши” мумкин!
Тишларингизни ювганда ёки соч-соқолни қиртишлаганда сувни ўчиришни унутманг. Бу орқали сиз дақиқасига 6-15 литргача сувни исроф қилмаган бўласиз. Тишларингизни ювиш учун эса, масалан, стаканга сув қуйиб олсангиз кифоя.
Ричагли смесител икки тутқичлисига қараганда сувни тезда исталган ҳароратга етишига имкон беради. Бундан ташқари ричагли смесител керакли ҳароратни “эслаб қолади”.
Душ ҳаммомга қараганда камроқ сув сарфлайди. Агарда сиз душда кичикроқ диаметрли тежамкор сув сепгични ишлатсангиз, қулайликлардан чекинмаган ҳолда сув сарфини камайтиришингиз мумкин.
Хожатхонадаги тўхтатгич ёрдамида ёки иккиталик ювиш тизимидан фойдаланиш орқали йилига бир киши 10 000 литр сувни тежаши мумкин.
Кирларни тоғора ёки ваннани сувга тўлдирган ҳолда чайқаш усули фойдали ҳисобланади, зеро, кир ювиш машинасининг самараси кўпроқ бўлишига қарамай.
Идишларни ювишда доимий равишда жўмракни очиқ ҳолда қолдирманг. Агар сизнинг раковинангиз икки табоқли бўлса, идишларни сув билан тўлдирилган раковинада ювинг. Ювилган идишларни эса алоҳида идишда чайинг. Ушбу усул нафақат идишларни ювишда сув сарфини 3-5 маротаба камайтиради, балки у маиший кимёвий моддалар сарфини ҳам камайтиришга имкон беради.
Кир ювиш ва идиш ювиш машиналаридан фақат тўлиқ юкланганидан сўнггина фойдаланинг.
Музхонадан олинган маҳсулотни жўмракдан тушаётган сувда эритманг. Яхшиси маҳсулотни музхонадан эртароқ олиб қўйган маъқул.
Жўмрак учун чиқарилган махсус жиҳозлар – аэраторлар сув сарфини жуда оддий тарзда камайтириши мумкин: жўмракдан оқаётган сувга ҳаво оқими юборилади, босим кучи сақланиб қолади.