Наманганда жаҳон стандартидаги уч конфигурацияли картодром қурилди

Янги барпо этилган объект Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.

 
 
 

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ёшларни спортга қизиқтириш, уларнинг бу борадаги салоҳиятини юзага чиқаришда алоҳида ташаббусга эга ташкилот ҳисобланади. Айниқса, бу тизимдаги ташкилотлар томонидан спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ва оммавийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ижобий ишлар эътиборга молик.

Бу фикрнинг тасдиғини Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилоят Кенгаши томонидан янгидан барпо этилган жаҳон стандартларига тўла мос келувчи уч конфигурацияли картодром мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Таъкидлаш лозимки, бу хайрли ишга Президентимизнинг шу йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асос бўлди. Мазкур фармонда белгилаб берилдики, 2020 йилдан бошлаб «Ватанпарвар» ташкилотининг техник ва амалий спорт турлари таркибига кирувчи авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризми ривожлантирилади.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Учқўрғон тумани ўқув спорт техника клуби тасарруфидаги 1,70 гектар ер майдонида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Тез орада картодромда ҳакамлар ва тиббиёт ходимлари хоналари, ўғил ва қиз болалар кийиниш ва ювиниш хоналари, картингларни таъмирлаш устахоналари барпо этилди. Мавжуд 870 метрдан иборат картодром ҳудудидан қўшимча 0.50 гектар ер майдони сотиб олиниб, халқаро талабларга жавоб берадиган умумий узунлиги 1050 метр бўлган уч йўналишли (1-йўналиш 831 метр), (2-йўналиш 825 метр), (3- йўналиш 855 метр) янги замонавий картодром қайта барпо этилди. Ушбу халқаро картадром спортчилар учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги билан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. У халқаро картинг мусобақаларини ўтказиш учун тайёр.

Янги картодромда республика ва халқаро даражадаги спорт мусобақаларини сифатли ва тизимли ўтказиш, шунингдек, вилоятда спорт туризмини ривожлантириш мақсадида «Картинг пойгаси» бўйича вилоят ҳокими кубоги учун халқаро мусобақа ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгига ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантирилиши ва оммалаштирилишини таъминлаш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш мақсадини назарда тутувчи бундай спорт тадбирлари ўзининг кутилган самарасини беришига ишончимиз комил.

Жаҳон стандартларига тўла мос келувчи уч конфигурацияли картодромда эса мамлакатимиз спортчиларига унутилмас ғалабаларни туҳфа этувчи халқаро мусобақалар ўтказилишини интиқлик билан кутиб қоламиз!

Санжарбек ҲАМИДОВ,

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар

https://yuz.uz/news/namanganda-jahon-standartidagi-uch-konfiguratsiyali-kartodrom-qurildi