​Шерзод Мамутов: «Мақсадим Ватанимиз шарафини юксалтириш, онамжонимни бахтли қилиш».

Бизнинг суҳбатдошимиз қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Миллий терма жамоа аъзоси, кўпкарра Ўзбекистон чемпиони, қатор нуфузли халқаро турнирилар ғолиби ва совриндори, қиличбозлик бўйича илк Онлайн Кубокнинг олтин медали соҳиби, Қорақалпоғистонлик истеъдодли қиличбоз Шерзод Мамутов.

Илк бор қиличбозлик спорт турига сизни ким олиб келган?

— Мени ушбу қизиқарли спорт тури - қиличбозликка акам олиб келган.

Агар қиличбоз бўлмаганингизда қайси спорт турини танлаган бўлардингиз?

— Менга спорт билан шуғулланиш жуда ёқади. Шунинг учун агар қиличбозликни танламаганимда кураш спорт тури билан шуғулланган бўлардим.

Мустақил уй шароитида ўтказилган машғулотлардан қониқиш ҳосил қилдингизми ёки бу шунчаки жисомний ҳолатни сақлаб туриш учунгина керак деб ҳисоблайсизми?

— Карантин даврида кўплаб спортчилар қаторида уй шароитида шуғулланишга ва онлайн машғулотларда фаол қатнашишга астойдил ҳаракат қилдим. Бу борада бизга масофадан туриб онлайн тарзда маш-улотларни давом эттиришимизга шароит яратиб берган ыиличбозлик Федерацияси раҳбарияти ва ўз кўрсатмалари билан бизга яқиндан кўмак берган барча мураббийларимизга миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, агар одам ўзи чин дилдан ҳаракат қилиб ишласа, албатта натижа бўлади.

Ўзбекистонда ёшлар учун мавжуд ва яратилаётган имкониятлар борасидаги фикрингиз?

— Ўзбекистонда ёшлар, айниқса биз спортчилар учун яратиб берилаётган имконятлар жуда ҳам зўр, таъбир жоиз бўлса, ҳозирда кўплаб мамлакатлар ёшлари бунақанги қулай ва яхши шароитларни кўришмаган ҳам. Бу эса, шахсан Юртбошимизнинг биз — келажак авлод вакилларига бўлган ғамхўрлиги ва спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган катта эътибор самараси деб биламан.

Бугунги кунда юртимизда ёшларга ўз маҳоратларини намоён этиш  учун яратиб берилган замонавий ва қулай имконият ҳамда шарт-шароитлардан биз - ёшлар жуда бахтиёрмиз. Ватанимиз ёшлари турли соҳаларда кўплаб ютуқларга эришгани ва қўлга киритаётганининг гувоҳи бўлмоқдаман. Бу эса менга ўзгача куч бағишлайди ва руҳлантиради.

Шу боис ҳам, мен тенгдошларим ва барча ёш авлод вакилларига мурожаат этаман: “Келинг ёшлар! ҳаммамиз биргаликда шижоат билан олдинга қадам ташлайлик!”

Халқаро турнирлар ва республика миқёсидаги мусобақаларда ғолиб бўлишингизда сизга нима куч беради?

— Албатта, мен ўз устимда кўп ишлайман ва ҳаётда оқкўнгил, юмшоқ табиатли бўлсанг ҳам майдонга тушганда қаттиқ феълли ва шиддатли бўлиш керак. Зеро, ғалабага эришиш учун муҳими омад ҳам керак бўлади...

Спортдан ташқари яна қандай соҳаларга қизиқасиз?

— Мен бўш вақтларимда китоб ўқиш ва қўшик айтишга қизиқаман.

Илгари нефтгаз корхонасида ишлашни хоҳлардим, ҳозир бошқа соҳага қизиқишим кўп эмас, бирозгина тадбиркорлик ва илмий иш устида ишлаб профессорлик даражасига етишни орзу қиламан.

  • Яқинда бўлиб ўтган қиличбозлик бўйича Ўзбекистон илк онлайн Кубоги ғолиби бўлдингиз. Ушбу мусобақа хақида сўзлаб берсангиз.

— Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур онлайн мусобака жуда ҳам қизиқарли ва қийнчиликларга бой бўлди. Албатта, рақибларим ҳам жудаям яхши чиқишлар билан ишлашди, лекин мен шунга қарамай ҳар хил усулларни қўллаб ғалаба қозондим.

Онлайн мусобақа шартларига келсак, албатта, шартларни аниқ ва тўғри бажариш жараёнлари ўзига яраша қийинчиликлар билан ўтти, лекин мен имкон қадар тўғри ишлашга ҳаракат қилдим.

Ҳозирги кундаги одатий ўқув йиғин машғулотлар жараёни ҳақида гапириб берсангиз.

— Ҳа, мен бу ўқув йиғин машғулотларини сабрсизлик билан кутгандим ва биз жамоамиз билан яна машғулотларни бошладик. Ҳозирда олдинда бўладиган мусобақаларга аввалги машғулотлардан ҳам кучлирок тайёрланмоқдамиз.

Мушғулотлар яхши ўтмоқда. Биз ҳозир, биринчи мақсадда Олимпиадага йўлланмани қўлга киритиш учун тайёрланмоқдамиз. Бу борада бизга ўта талабчан ҳамда тажрибали мураббиймиз Владимир Аливерович Назлимов янги усул, тактика қоидаларини ўргатмоқда. Шу билан бир қаторда машғулотлар вақтида қиличбозлик жангида қўлланадиган энг шиддатли ҳамла бериш жараёни устида ҳам ишламоқдамиз.

Ҳаётдаги энг олий мақсадингиз нима?

Энг аввало, ойижонимни кўкларга кўтариб, бахтли қилиш ва Бу менинг ўғлим!”, деб фахрланишини кўриш.

Калажакдаги режаларим, худо хоҳласа, жаҳон, Олимпиада Ўйинлари чемпиони бўлиш ва албатта, дунё миқёсида Ўзбекистон қиличбозлиги номини юксалтириш.

 

Қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун рахмат Шерзоджон. Биз ҳам ушбу эзгу ниятларингизга қўшиламиз ва сизга улкан спорт ютуқлари ҳамда омад ёр бўлишини тилаймиз!

М. Якубова суҳбатлашди