Коронавирусдан тузалганларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкинми?
COVID-19га чалиниб зотилжам бўлган ва тузалганларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкинми? Қандай ҳолатларда эмлаш мумкинмас?
Ушбу саволга Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди.
"COVID-19 билан касалланиб тузалган беморларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкин.
Гриппга қарши вакцина бир йиллик вакцина бўлиб, у ҳар или учраши мумкин бўлган гриппнинг штаммларига қарши ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, бу вакцина билан инсон организми айнан гриппнинг шу штаммларига қарши иммунитет ҳосил қилади. У ковид билан касалланган ва тузалган беморларини куз-қиш мавсумида гриппнинг келадиган штаммларидан маълум даражада ҳимоя қилади ёки касалликни енгил кечишини таъминлаб беради.
Эмлаш кимларга мумкинмас:
Орттирилган иммун танқис ҳолатлар, яъни ОИТС касаллигини турли босқичларида;
вакцина таркибидаги адюванти, яъни вакцина ишлаб чиқилган асосий восита ва қўшимчаларига нисбатан аллергик ҳолат;
болаларда миянинг органик қисмида ўзгариш келтириб чиқарувчи неврологик касалликларни зўрайиб бориши даври.
Барча соматик касалликлар авж олиш даврида тана ҳароратининг 38° С дан юқори кўтарилиши, диарея, ич кетиш, қусиш, тутқаноқлар, қон босимини кўтарилиши ёки тушиши, кучли оғриқ синдромида ва ҳоказолар ўтиб кетганидан кейин шифокор кўрувидан ўтиб соғлом деб ташхис қўйилганида, тиббиёт муассасасида шифокор-иммунолог, педиатр ёки терапевт назорати остида эмланиш керак", дейди мутахассис.
http://xs.uz/uzkr/post/koronavirusga-chalinib-tuzalganlarga-grippga-qarshi-vaktsina-qilish-mumkinmi