Юртимизда илк бор илмий ишланмалар кўргазмаси ўтказилмоқда

Бугун, 16 сентябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида Ўзбекистонда илк бор қишлоқ хўжалиги соҳасида тижоратлаштиришга тайёр илмий ишланмалар кўргазмаси очилди.

 
 
 

Унда юртимиздаги илмий-тадқиқот институтлари, илмий ва инновацион марказлари томонидан 200 га яқин қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий ишланмалар намойиш этилди.

Кўргазмани ўтказишдан асосий мақсад вазирликнинг янги биносида мулоқотлар майдонини ташкил этиш, ишлаб чиқариш ва илм-фан ўртасидаги мавжуд жарлик ўртасида кўприк ясашдир. Бу майдон олимлар томонидан яратилган янги ишланмаларни тақдим этиш билан бир қаторда улардаги камчиликларни бартараф этиш учун ҳам имкониятдир. Кўргазма талабга мос равишда вазирлик томонидан истиқболли лойиҳаларга молиявий маблағ ажратиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш, илмий ишланманинг бозор талабларига жавоб берадиган прототипини ишлаб чиқариш, тармоққа тайёр маҳсулотни етказиб бериш чораларини кўришга кўмак беради.

Тадбирда «Олим-тармоқ», «олим-ишлаб чиқарувчи» ўртасида мулоқотни ўрнатиб, улар ўртасидаги муаммоларни зудлик билан ҳал қилиниши кўзда тутилган. Кўргазма ҳозирда хусусий тадбиркорлар, кластер раҳбарлари, фермерлар ва олимлар ўртасида мулоқотнинг камлиги боис қишлоқ хўжалигида юзага келаётган бир қатор муаммоларни ечишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

https://yuz.uz/news/yurtimizda-ilk-bor-ilmiy-ishlanmalar-korgazmasi-otkazilmoqda