Гендер тенглик масалаларида Ёшлар парламенти билан ҳамкорлик кучайтирилади

 

2020 йилнинг 10 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглик масалалари бўйича комиссияси ҳамда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Гендер тенглик масалалари комиссияси аъзоларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти масалаларига бағишланган онлайн йиғилиши бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Бу йўналишдаги долзарб вазифаларни ҳал қилишда фаол ёшлар салоҳиятидан фойдаланиш, уларнинг ғоялари ва таклифларини инобатга олиш кутилган натижа беради. Шу жиҳатдан йиғилишда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглик масалалари комиссияси ва Ёшлар парламенти ўртасида опа-сингилларимизнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида биргаликда олиб борилиши зарур вазифалар хусусида сўз юритилди.

Бунда Ёшлар парламентининг Гендер тенглик масалалари комиссиянинг имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилди. Аввало Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг Ёшлар парламенти тегишли комиссияси билан қўшма иш режасини ишлаб чиқиш, унда тарғибот тадбирларини ўтказиш, ёшларнинг гендер тенглик соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, хотин-қизлар орасида тадбиркорликни ривожлантириш, замонавий касбларни эгаллаш имкониятларидан хабардор қилиш, қолаверса, гендер тенглик масалаларига бағишланган онлайн ўқувлар ташкил этишда ҳам амалга оширилиши лозим бўлган чоралар белгиланди.

Шунингдек, Ёшлар парламентининг Гендер тенглик масалалари комиссияси аъзолари ҳар ҳафта якунида қилинган ишлар юзасидан ҳисобот учрашувлар ташкил этишга келишиб олишди.

http://xs.uz/uzkr/post/gender-tenglik-masalalarida-yoshlar-parlamenti-bilan-hamkorlik-kuchajtiriladi