Саломатлик сирлари
Ош тузи истеъмолининг меъёрига эътиборли бўлинг!
Меъёр — ҳар бир нарса ўлчовидаги асосий мезон.
Маълумки, мутахассислар томонидан «Йодланган ош тузи»нинг кунлик миқдори максимал даражада (5 грамм)дан ошмаслиги тавсия этилади. Ва бу тавсияга нисбатан «нима учун?», деган савол туғилиши табиий.
Жумладан, йодланган ош тузи истеъмоли кунлик миқдордан ошса, ҳақиқатдан ҳам зарарлими? Айнан қандай зарарлари борлигини қуйидаги маълумотлардан билиб олиш мумкин.
Айтиш керакки, ош тузи инсон учун муҳим озуқавий модда саналади. Чунки организмдаги моддалар алмашинувини нормаллаштириш учун кунига 3— 5 грамм туз истеъмол қилиш лозим бўлади. Бундан ташқари, йод танқислиги касаллигининг олдини олиш учун ҳам йодланган ош тузи жуда муҳим ва зарур. Бироқ, жуда кам миқдорда туз истеъмоли ҳам юрак-қон томир касалликлари хавфини оширади.
Агар истеъмол қилинаётган кунлик ош тузи миқдори меъёрдан ошиб кетса-чи? Бу ўринда, ўтказилган қатор тадқиқотлар натижасига кўра, организмда тузнинг ортиб кетиши моддалар алмашуви жараёнини бузилиши, юрак, буйрак ва қон айланиш тизимида турли хасталикларни келтириб чиқариши мумкинлиги аниқланган. Уни қанча кўп истеъмол қилсангиз, буйрак фаолияти шунчалик қийинлашади, организмда натрий тўпланишига олиб келади. Қонда ортиқча туз пайдо бўлиши эвазига юракка ва у орқали бутун танага ортиқча босим тушишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, йодланган тузни кўп миқдорда овқат билан истеъмол қилиш кўздаги қон босимини ошишига сабаб бўлиб, кейинчалик катаракта касаллигига ҳам олиб келиши мумкин экан. Шунингдек, ошқозонда жиддий муаммолар (масалан, ошқозон саратони)ни юзага келтириши ҳам тадқиқотларда исботланган.
М. Якубова (интернет манбаларидан фойдаланилган)