Касаллик тез тарқалаётган пайтда биз учун энг хавфсиз ҳудуд ўз уйимиз ҳисобланади - штаб аъзоси

 
 

АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида бўлиб ўтган брифингда муҳим саволларга жавоб қайтарилди.

Мурожаатлардан бирида фуқаро карантин чоралари юмшатилиб корхонага ишга қайтгани, лекин болалар боғчалари ишга тушмагани туфайли 5 ёшли фарзандини ўзи билан корхонага олиб бориши мумкинлиги, бу бола саломатлиги учун хавфли эмаслиги ҳақида сўраган.

«Имкон қадар фарзандингизни корхонангизга олиб бормаганингиз маъқул. Фарзандлар ва биз учун касаллик тез тарқалаётган пайтда энг хавфсиз ҳудуд бу хонадонларимиз ҳисобланади. Болалар касалликни енгилроқ кечириши мумкин, деб айтилсада агар карантин қоидаларига риоя қилинмаса ва коронавирус фарзандингизга юқса, бола ҳам касалликни оғир даражада кечириши мумкин», - деди Севара Убайдуллаева.

Брифингда бошқа бир фуқаронинг беморда уйда даволанишда диарея кузатилиб, дориларни қусиш ҳолатида нима қилиш кераклиги ҳақидаги саволига ҳам жавоб берилди.

«Уй шароитида даволанаётган беморлар хавфсизлиги учун осма уколлар тавсия этилмайди, сабаби шифокорлар назорати ва бемор организмида кечаётган ўзгаришлар текширувини уйда қилишни иложи йўқ. Агар шикоятингиздан касаллик оғир кечаётган аломатларни тиббиёт ходимлари сезишса, беморни дарҳол касалхонага мобил бригада билан юборишади. Сизга тавсиямиз, беморнинг аҳволи оғирлашмаслиги ва асоратсиз даволаниши учун доимий равишда поликлиника шифокори билан мулоқотда бўлинг», деди штаб аъзоси.

Тадбирда ошқозон яраси, панкреатин ва холецистит сурункали касалликларнинг коронавирус касаллигининг кечишида қай даражада хавфли экани ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

«Бугунги кунда кўпчилик сурункали касалликлар, хусусан ошқозон-ичак тракти кучайиши билан мурожаат қилишмоқда. Олимлар кўп марта коронавирус инфекцияси инсон организмига таъсир кўрсатиши ва сурункали касалликларни кучайтиришини таъкидлашган. Шунинг учун, бундай вазиятларда ўз вақтида даволовчи шифокорига мурожаат қилиш ва доимий назоратда бўлиш, шунингдек, коронавирусга қарши асосий муолажа билан бирга сурункали касалликларга қарши дори қабул қилишда давом этиш муҳим», деди Убайдуллаева.

https://kun.uz/news/2020/08/17/kasallik-tez-tarqalayotgan-paytda-biz-uchun-eng-xavfsiz-hudud-oz-uyimiz-hisoblanadi-shtab-azosi