Ҳамжиҳатлик ҳикмати

Ҳамжиҳатлик ҳикмати

30 июль – Халқаро дўстлик куни
 
Маҳалламизда турли миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Гоҳи дорихонами, дўконга шошиб, улар билан ўзбекча саломлашсам, албатта, тутилиброқ бўлса-да, айтарли барининг она тилимизда алик олиши ўрганиш бўлиб қолган.
 
Ақлимни танибманки, билим маскани, меҳнат жамоаларида, маҳалла-кўйларда кимнинг қайси миллатга мансуб эканидан сўз очишдек ҳолатни учратмаганман. Аслида ҳам шундай, кимнингдир миллатини суриштириш одати барчани ўз қавми-қардоши деб билгучи халқимиз учун бегона. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек оилаларининг миллатини суриштирмай, минглаб болаларни ўз паноҳига олгани, уйи тўридан жой бериб, сўнгги бурда нонини баҳам кўргани бунинг яққол тасдиғидир.
 
Бугунги мураккаб даврда барча масалалар аҳилликда, баҳамжиҳат тарзда ҳал этилаяпти. Ҳар қандай вазиятда соғлиғу омонлик билан бирга ҳамюртларимиз ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик, тотувлик энг катта бойлик эканини синовли кунлар яна бир карра исботламоқда.
 
Жамиятимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ишларини изчил давом эттириш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Юртимизда истиқомат этаётган бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари табаррук шу диёрни ўз она Ватани деб билади. Мамлакатимизда миллати, диний эътиқодидан қатъи назар, барча фуқароларнинг эмин-эркин яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиши, ўз салоҳиятини юзага чиқаришига оид ҳуқуқий кафолатлар Конституцияда мустаҳкамланган.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилиб, мазкур қўмита самарали фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда кўплаб миллий маданият марказларининг ишлаши йўлида зарур барча имконият ва шароитлар яратилган.
 
Президентимизнинг 2019 йил 15 ноябрдаги "Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишларни давр руҳига ҳамоҳанг тарзда олиб боришда янги имкониятларни очмоқда.
 
Гарчи бугун истироҳат боғларию сўлим хиёбонларни тўлдириб, Дўстлик фестиваллари, турли миллат ва элатларнинг ранг-баранг маданияти ва анъаналари, ўзига хос санъатини акс эттирувчи концертларни, мусиқий марафонлар, ижодий танловларни ўтказишнинг иложи бўлмаса-да, она Ватанни мадҳ этувчи онлайн ижодий лойиҳалар, "Улуғимсан, Ватаним!" челленж тадбирлари, видеороликлар намойиши мунтазам ўтказилаётир. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда миллий маданий марказлар томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирларда она-Ўзбекистонимизнинг фарзандлари – кўплаб миллат ва элат вакиллари фаол иштирок этмоқда.
 
Ҳозирги мураккаб глобал шароитда айрим мамлакатларда юз бераётган кўнгилсизликлар, тушунмовчиликлар, тўқнашувларнинг миллий низоларга сира алоқаси йўқлиги, улар аслида тор доиралар манфаатлари йўлидаги нохуш уринишлар экани тобора яққолроқ аён бўлмоқда. Буларнинг барчаси кўзга кўринмас бойлигимиз, бебаҳо қадриятимиз – жамиятимиздаги ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатлик, дўстлик, меҳр-саховатнинг қадрига янада кўпроқ етишга, уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди.