Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси юртимизда Паралимпия ҳаракатини оммалаштириш, шу билан бирга Паралимпия спорт турлари сонини янада ошириш бўйича фаол ишлар олиб бормоқда.

Ассоциация жорий йилдан бошлаб юртимизда Пара стол теннисини ҳам ривожлантириш бўйича муҳим қадам қўйди ва ушбу спорт турига маҳоратли тренер Нодира Бурхонхўжаевани бош мураббий этиб тайинлади.

Юртимизда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият ҳамон долзарблигича қолаётгани сабаб пара стол теннисчиларимиз ҳам машғулотларни ўз уйларида давом эттиришмоқда.

Бугун бош мураббий Нодира Бурхонхўжаева ZOOM видеоконференция дастури орқали ўз шогирдлари билан навбатдаги онлайн машғулотини ўтказди. Бугунги машғулотларни Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Шарифжон Мўминжанов, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Саида Маҳмудова, Паралимпия ассоциацияси мутахассислари ва шифокорлари бевосита кузатиб боришди.