Саломатлик

 

 

26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни

УМР ЗАВОЛИГА “ЙЎҚ“ ДЕНГ

Ҳозирги вақтда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди. Бежизга уни “аср вабоси” дейишмайди.

Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, нафас йўли, асаб ва қон айланиш тизими билан боғлиқ бир қанча хасталикларни юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатларга жиддий путур етказади. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди. Ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир.

Гиёҳвандликнинг одамлар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилди ва ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлиги кўп бора таъкидланади. Зеро, жисм, тана аъзолари соғлом бўлиши ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчи ҳисобланади. Янгидан-янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги устида қайғурмаса кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир.

Наркотикларни инъекция орқали қабул қилувчилар орасида ОИВ, ОИТС орттириб олиш ҳолатлари учраётгани янада аянчли. Гиёҳванд моддаларни 1 та шприц билан 5-6 та гиёҳванд томирига юбориши натижасида ОИВ инфекцияси билан зарарланиш 80 фоизни ташкил этади.

Экспертларнинг фикрича, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдо айланмаси бир йилда 300 миллиард доллардан 800 миллиард долларгачани ташкил этар экан. Сўнгги йилларда ушбу иллатга қарши курашиш борасида дунё мамлакатларида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Гиёҳвандликка қарши курашиш доирасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйиш ҳам энг асосий вазифалардан бири этиб белгиланган. Трансмиллий гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишда халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари, жумладан, Интерпол, Жаҳон Божхона ташкилоти каби ташкилотлар ҳамкорликда фаолият олиб боришни йўлга қўйган. Гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчилик Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатларининг иқтисодий, сиёсий барқарорлигига жиддий путур етказиб, хавф-хатар туғдирмоқда.

Мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, тарғибот ва ташвиқот ишлари йўлга қўйилган.

Зарарли одатлардан ўзингизни ҳимоя қилинг. Гиёҳванд моддаларни татиб ҳам кўрманг. Инсон дунёга бир маротаба келади. Соғлом турмуш тарзи – саодатга элтувчи ишончли йўл эканлигини доимо ёдингизда тутинг.

Гиёҳвандликка “Йўқ” дейишга доимо ўзингизда куч топинг!

Ҳамдам МАТКАРИМОВ,

Тошкент в. Зангиота  туман Тиббиёт бирлашмаси нарколог шифокори

 

манба: https://t.me/istiqbolgazetasi/6306