Янгиқўрғонда спорт туризмини ривожлантириш истиқболлари
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманининг қўшни Қирғизистон билан чегарадош тоғли Қайроқи ҳудуди спорт туризми учун қулай имкониятларга эга.
Бу жойлардаги қир-адирликларда йилнинг ярми қор аримайди, унинг қалинлиги бир метргача бориши мумкин. Зарур инфратузилма яратилса, ҳудудда нафақат туризм, балки спортнинг қишки турлари билан шуғулланиш учун ҳам зарур шарт-шароитлар юзага келади. Хусусан, қишки турбазалар фаолиятини ташкил этиш, сайёҳлар учун чанғи ва чана учиш, қордаюрар (снегоход), квадроциклларни бошқариш учун ажойиб маскан яратиш мумкин.
Бу борада вилоят ҳокимлиги томонидан Қайроқида тоғ-чанғи спортини йўлга қўйиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.



Ҳисоб-китобларга кўра, республика бўйича мазкур соҳада 200 мингдан зиёд аҳолини иш билан таъминлаш мумкин. Шунингдек, туризмга хизмат қилувчи умумий овқатланиш, транспорт, чакана савдо каби йўлдош тармоқларда яна кўплаб иш жойлари ташкил этилади. Хусусан, Янгиқўрғон туманида 16 та дам олиш масканини тиклаш ҳисобига 1 минг 500 нафар аҳолини иш билан таъминлаш мумкин. Маълумот учун айтадиган бўлсак, Наманганда ўтган бир ҳафта давомида 75 та оилавий меҳмон уйи давлат рўйхатига олинди. Жумладан, Давлат хизматлари марказларига Янгиқўрғон туманидаги Нанай ҳудудидан 59 та, Чустнинг Ғова ҳудудидан 9 та ва Попнинг Чодак ҳудудидан 7 та шундай ариза келиб тушган.
608
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат), ЎзА