"Олимпиада бу..."

Санжар Хамидов: "Мамлакатимизда ўзбек қиличбозлик мактаби имкониятлари катта"

"23-июнь — Олимпия куни" спорт байрами муносабати билан юртимизда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилинадиган "Олимпия куни" оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш ҳамда олимпия спорт тури бўлган қиличбозликни ривожлантириш, унинг истиқболлари ҳусусида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси ўринбосари Санжар Хожиакбарович Хамидов билан суҳбатлашдик.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 27 йилдирки Халқаро олимпия қўмитаси ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Ўзбекистонда «Олимпия куни»ни кенг нишонлаб келмоқда. Айниқса ўтган 2019 йилда нишонланган «Олимпия куни» спорт тадбирлари жуда ҳам эсда қоларли даражада ўтказилган эди ва бу тадбирлар катта спорт байрамига айланганди. Жумладан ўзбек қиличбозлари ҳам ушбу тадбирларда фаол иштирок этишган.

— 2021 йилда кутилмаганда бутун дунё аҳли, жумладан мамлакатимиз аҳолиси ҳам коранавирус "COVID-19" офатига дучор бўлди. Ушбу пандемия сабабли 2020-йилги Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинлари бир йилга қолдирилди. Бироқ, ҳар йили 23-июнь куни нишонланадиган  "Олимпия куни" ортга сурилмайди. Ўзбек қиличбозлари бу йилги "Олимпия куни" тадбирларида қандай иштирок этишни режалаштирган?

Бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ҳозирда ушбу байрамга муносиб тайёргарлик кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шуни айтиш мумкинки, бу йил спорт иҳлосмандлари, муҳлислари ҳар қачонгидан ҳам ўзгача "Олимпия куни"га гувоҳ бўлишади. Онлайн тарзда ўтказиладиган байрам учун турли онлайн мусобақалар ва спортимиз юлдузлари иштирокидаги ажойиб чиқишлар режалаштирилган. Албатта, ушбу кенг миқёсдаги тадбирларда қиличбозларимиз ҳам фаоллик билан иштирок этишади.

Жумладан шу кунларда федерациямиз расмий вебсайти ҳамда ижтимоий тармоқларда:

- "Олимпиада – бу..." рукни остида машхур спортчи ва спорт ишқибозларининг интервьюларини ташкил этиш;

- 20-июнь куни онлайн бадантарбия ва master-klass тадбирини марафон тарзида ZOOM платформаси орқали ўтказиш белгиланган.

Фурсатдан фойдаланиб мен ўзим ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик Федерацияси номидан яқинлашиб келаётган "23-июнь — Олимпия куни" спорт байрами билан барча юртдошларимиз ва спорт аҳлини табриклайман. Юртимизда тинчлик барқарор бўлиб, Ватанимиз шарафини дунёга таратгувчи Олимпиада ғолиблари, Жаҳон Чемпионларининг сафлари кенгайсин!

— Бугунги кунда ўзбек қиличбозлик мактаби имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Мамлакатимизда ўзбек қиличбозлик мактаби имкониятлари катта. Аҳамиятли томони - бугунги кунда ЎҚФ эътиборни жойларда ёш иқтидорли спортчиларни саралаш босқичларига (селекция) қаратмоқда. Ўзбекистон Олимпия қўмитаси, ЎзР Жисмоний тарбия ва спорт ишлари вазирлиги ҳам бу масалага маблағ ва бор кучини қаратишган. Республикамизнинг барча вилоятларида болалар ва ўсмирлар учун бунёд этилаётган спорт майдончалари, янги очилаётган маҳсус қиличбозлик заллари, жумладан спорт мактаблари ҳузурида ташкил этилган қиличбозлик секциялари – бу катта ҳаракат, спортимиз келажаги учун мустаҳкам пойдевордир.

— Ўзбекистон қиличбозлик Федерациясининг вилоят бўлимлари ва қиличбозлик залларининг моддий техник базаси қай даражада таъминланган?

— Ҳозирги кунда Ўзбекитон Қиличбозлик Федерацияси томонидан мамлакатимизда қиличбозлик спорт турини аҳоли, айниқса ёшлар орасида оммалаштиришга, янги ихтисослаштирилган қиличбозлик залларини очишга, мавжудларининг моддий-техник базасини тўлдириш ва янгилаш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда.

Ҳукуматимиз ёрдамида сўнгги йилларда Тошкент, Андижон, Самарқанд, Чирчиқ, Нукус шаҳарларида ва Сирдарё вилоятида янги заллар очилди. Юртимизнинг деярли барча вилоятларида қиличбозлик Бўлинмалари ташкил қилинди.

Тошкент, Андижон шаҳарларида спортчиларимиз учун алоҳида тренажер заллари қиличбозликка мосланган спорт анжомлари билан жиҳозланиб, ишга туширилди. Спортчиларга қиличбозлик кийимлари ва анжомларини етказиб бериш сифати янада такомиллашди.

Ўқув машғулот йиғинларини сифатли ўтказиш мақсадида Россия, Корея ва Польша каби мамлакатлар федерациялари билан хамкорлик йўлга қўйилган.

Олиб борилаётган ишларнинг натижаси сифатида Халқаро қиличбозлик федерацияси томонидан 2018 йилдан бошлаб
2 та нуфузли халқаро мусобақаларни (“Сателлит” ва Жаҳон Кубоги) Ўзбекистонда ўтказиш Халқаро Қиличбозлик Федерацияси (FIE) томонидан ишонч билан ЎҚФга топширилди ва бу мусобақаларни ўтказиш анъана тусига кириб бормоқда.

Мураббийларимизнинг малакасини ошириш мақсадида чет эллик мутахассисларни таклиф қилиб, уларга семинар-тренинглар, вебинарлар, мастер-класслар, яъни маҳорат дарслари доимий равишда ўтказилиб келинмоқда. Айни вақтда карантин даврида ҳам ўзбек қиличбозлик мураббийлари ва ҳакамлари учун ZООМ платформаси орқали ҳар ҳафтада бир маротаба халқаро экспертлар иштирокида онлайн семинарлар ташкил этилган.

— Қиличбозлик спорти мураббийларининг меҳнатини рағбатлантириш, улар ҳамда спортчиларни ҳар томонлама қўллаб қуватлаш борасида ЎҚФ томонидан кандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Федерация томонидан мураббий ва спортчиларнинг ижтимоий масалалари ҳал этилишида кўмаклашилмоқда. Халқаро мусобақаларда фахрли ўринлар эгаллаган ҳамда юқори натижаларга эришган спортчилар ҳукуматимиз ва ЎҚФ раҳбарияти томонидан моддий рағбатлантирилиб келинмоқда. Ёшлар орасида қиличбозлик спорт турини оммалаштириш, спортчиларда ўз кучига ишонч туйғусини шакллантириш, уларни руҳлантириш мақсадида қиличбозликнинг фахрийлари, дарғалари, афсоналари (Владимир Назлимов, Виталий Логвин, Собиржон Рўзиев) билан қизиқарли учрашувлар ташкил қилинмоқда.  

Айтиш керакки, олиб борилаётган бу каби ишлар самарадорлиги албатта, мамлакатимизда қиличбозлик спортини янада ривожлантириш орқали ҳар томонлама баркамол, соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

ЎҚФ Матбуот хизмати

Суҳбатни М.Якубова олиб борди