"Олимпия куни бу..."

Зайнаб Дайибекова: "Ватанимиз шарафини жаҳон спорт ареналарида муносиб ҳимоя қилувчи спортчилар - "Олимпиада юлдузлари" сони кўпаяверсин!"

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган эътибор ҳамда Юртбошимизнинг бу борадаги ташаббусларини самарали амалга ошириш натижасида сўнги йилларда Ўзбекистон довруғини дунёга таратаётган спортчиларнинг янги авлоди етишиб чиқмоқда. Ана шундай жўшқин, иқтидорли ёш спортчилардан бири ўзбек қиличбоз қизларининг ёрқин вакиласи, хақаро даражадаги спорт устаси, қатор нуфузли турнирлар ғолиби, ўсмир қизлар ўртасида қиличбозликнинг сабля йўналиши 2019 йилги Жаҳон Кубоги чемпиони Зайнаб Даибекова.

Зайнаб Даибекова билан суҳбатимиз, мамлакатимизда анъанавий тарзда "23-июнь халқаро Олимпия куни" байрамини нишонлаш кунлари арафасида бўлиб ўтди.

 

— Маълумки, ҳозирда пандемия сабабли мамлакатимизда карантин тизими жорий этилган. Зайнабхон, айтингчи, карантин даврида сиз нималарга кўпроқ эътибор қаратдингиз?

— Авваллари мусобақалар ва машғулотлардан ортиб, бўш вақтим деярли бўлмасди ва оила аъзоларим даврасида жуда кам бўлар эдим. Карантин вақтида оилам бағрида бўлдим. Ойижоним ҳар кил овқатлар, пишириқлар қилишни ўргатдилар. Уй ишларида уларга ёрдамлашдим. Албатта, оилам бағрида бўлиш яхши, лекин мураббийларимни, дўстларимни, ҳамма биргаликда жамоа бўлиб ишлайдиган машғулотларни жудаям соғиндим.

Уй шароитида машғулотларни бажариш қийн кечмадими?

Уй шароитида машғулотларни мустақил бажариш борасида Миллий терма жамоамиз мураббийлари масофавий мулоқот орқали, яъни онлайн тизимида ҳар куни мунтазам кўрсатмалар бериб боришди. Шунга қарамасдан, ёнимда мураббийларим ва дўстларимсиз машғулотларни олиб бориш бироз қийинроқ бўлди.

Лекин, мураббийларим билан онлайн тарздаги машғулотлар жараёни ўзгача, жуда ҳам қизиқарли кечди, чунки улар бизнинг хатоларимизни кўриб, жисмоний юкламалар, машқларни қандай тўғри бажариш кераклиги ҳақидаги тавсия ва кўрсатмаларни бериб туришди. Карантиннинг яна бир фойдали тарафи, у сабабли, мобил-коммуникация воситалари билан тўғри ва самарали ишлаш сирларини ҳам янада кўпроқ ўзлаштириб олишга имконият яратилди.

 

— Ҳозирги мураккаб шароитда, биз - қиличбозларнинг жисмоний форма, яъни жисмоний ҳолатни ушлаб туриши, тўғри овқатланиш, психологик-руҳий мувозанатни сақлаш борасида нафақат  мураббийларимиз, балки спорт шифокорларимиз, ЎҚФ масъул ходимлари ҳар бир спортчи учун жон куйдириб ҳаракат қилишмоқда, бунинг учун уларга катта рахмат дейман, худо хохласа ишончларини оқлашга ҳаракат қиламан.

— Сиз карантин вақтида Ўзбекистон қиличбозлик Федерацияси томонидан ташкил этилган жудаям кўп онлайн танловларда фаол қатнашдингиз. Айтингчи ўша танловларнинг қай бири сизга энг мақбули бўлди?

— Карантин вақтида Ўзбекистон қиличбозлик Федирацияси томонидан ташкил этилган "Бизнинг талантлар", "Уйда қолинг", "Ифодали ўқиш" каби онлайн интелектуал танловларда иштирок этиш жуда ҳам завқли бўлди, уларнинг орасидан менга энг ёққани ифодали шеър ўқиш, ёд олиш бўлди.

— Ҳозирги кунда асосан қайси турнирларга тайёргарлик кўрмоқдасиз?

— Ҳозирги вақтда асосий эътиборни нуфузли мусобақалар — муддатлари келаси йил саналарига қолдирилган Осиё ҳамда Жаҳон чемпионатлари, Олимпияда Ўйинларига ёлланма бериладиган мусобақалар ва бирқанча турнирларга жиддий ва пуҳта тайёргарлик кўришга қаратганмиз. Шу боис ҳам, онлайн ҳамда мустақил машғулотлар жараёнларини узлуксиз давом эттириб, олдинга қўйилган мақсадга эришиш учун астойдил ҳаракат қилмоқдаман.

Энди эса блиц саволларга жавобингиз

— Севимли машғулотингиз, яъни сизнинг хобби?

— Менинг севимли машғулотим, хоббийим шеърларни ёд олиш, маромига келтириб, яъни ифодали ўқишни жудаям яхши кўраман.

— Сиз учун ҳаётда энг қадрлиги бу...

— Мен учун биринчи навбатта қадрли бўлганлар — бу ота-онам ва яқинларим.

Ёқтирган асарингиз ва севимли қахрамонингиз?

— "Қирқ қиз" достони ва ундаги бош каҳрамон  қоракалпок жасур қизи, душманларга бош эгмастан ўз элини химоя қилган Гулайим бўлади. Мен ҳам унга ўхшаб юртимиз байроғини осмонларда ҳилпиратиб Ўзбекистонимиз шону шарафини янада юқориларга кўтаришга Президентимиз, ота-онам, мураббийларим, халқимизни менга ишонган барча, барчани ишончларини оқлашга бор вужудим билан ҳаракат қиламан.

Агар қиличбоз бўлмаганингизда ким бўлардингиз?

— Агар қиличбоз бўлмаганимда шифокор бўлар эдим. Кичкиналигимдан шифокор бўлишга қизиққанман. "Беморларни даволайман ҳеч ким касал бўлмайди" дердим, аммо қиличбозлик билан шуғулланганимдан бери, худо хоҳласа Олимпияда Чемпиони бўламан деган мақсадларни ўз олдимга қўйдим ва ҳозирда шунга ҳаракат қилмоқдаман.

Мақсадга элтувчи йулни 3 та сўз билан ифодалаб берсангиз.

— Мақсадга эришиш учун биринчи навбатта соғлик керак, соғлик бўлса ва олдинга қўйилган аниқ мақсад бўлса ўшанга эришиш учун меҳнат қилиш керак ва учинчиси, албатта, омад керак бўлади. Агар соғлигинг жойида бўлиб, меҳнат қиганинг билан омадинг бўлмаса фойдаси йўқ деб ўйлайман.

— Мамлакатимизда ҳар йили анъанавий тарзда ХОҚ ташаббусини қўллаб-қувватлаб  «23-июнь халқаро Олимпия куни» кенг нишонланади. Маълумки, ўзбек қиличбозлари ҳам ушбу тадбирларда фаол иштирок этишади. Суҳбатимиз сўнгида шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.

— Фурсатдан фойдаланиб, ушбу яқинлашиб келаётган халқаро спорт байрами «Олимпия куни» билан барча юртдошларимиз, жумладан, мамлакатимиз спортчи ва мураббийларини табриклайман. Илоҳим юртимизда тинчлик барқарор бўлсин, Ватанимиз шарафини жаҳон спорт ареналарида муносиб ҳимоя қилувчи спортчилар - "Олимпиада юлдузлари" сони кўпаяверсин.

Мен ва спортчи дўстларим учун айниқса ўтган 2019 йилда нишонланган «Олимпия куни» спорт тадбирлари жуда ҳам эсда қоларли даражада бўлиб ўтганди. Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси ушбу тадбирлар доирасида турли мусобақа ва оммавий спорт тадбирларни ташкил этган, мен ўз жамоадошларим билан катта саҳна — "Хумо" спорт аренасида кўргазмали чиқиш намойиш этган эдик...

Ўйламанки, 2020 йил — карантин даврида ҳам ўтказилинадиган "Олимпия куни" ўзгача бўлади. Боиси, барча спорт иҳлосмандлари ва спортчилар учун масофавий тарзда ўтказиладиган байрам, турли онлайн мусобақалар ва спортимиз юлдузлари иштирокидаги ажойиб чиқишлар режалаштирилган. Албатта, биз - ўзбек қиличбозлари ҳам ушбу тадбирларда фаоллик билан иштирок этамиз.

 

 Суҳбатни Муборакхон Якубова олиб борди