Тил билиш ва тилни ҳурмат қилиш тинчликнинг гаровидир

Она тили ҳар бир миллатнинг руҳи, давлатнинг тимсоли, мулки. Миллатнинг юксалишини тилни асраш ва ривожлантиришсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Республикамизда давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб, ўзбек тили давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланган.

Тил аввало ўзаро мулоқот вазифасини бажаради. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий бобомиз «Кўнгил қулфи махранинг қулфи тил ва гулфин калитин сўз бил», яъни инсон қалбининг хазинаси тил, бу қалб хазинасининг калити сўздир, деганларида тилнинг наинки мулоқот, балки дилларни боғловчи восита эканлигига эътибор қаратган.

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги дастлабки қадамларидан бири бўлган эди. Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. «Давлат тили ҳақида»ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Мумтоз адабиётимиз намуналари, саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, саноат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган беш жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» бу борада амалга оширилган ишларнинг энг муҳимларидандир.

Тил - миллат қиёфаси, маънавий бойлигининг бир бўлаги. Тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади. Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўхтатар экан, ўша тил йўқолиш сари юз тутади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг боқийлигини англатади. Боиси миллат тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак.

Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро ва ҳар бир миллат эгалари ўз хоҳишларига кўра чет тилларни ўрганишмоқда. Мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва олий таълим йўналишларида таҳсил олаётган фарзандларимиз бугунги кунда 4-5 тилда бемалол сўзлаша олишади. Таълим муассасаларимизда турли давлат фуқароларининг фарзандлари ўзбек фарзандлари билан аҳил иноқ бўлиб таълим олиб келмоқдалар.

Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, тилни севиш, уни ардоқлаш, миллатни севиш ва уни қадрлаш билан тенг ҳисобланади. Ҳар қайси халқнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти унинг тилида ўз ифодасини топади. Тил - миллат кўзгуси, деб бежиз айтилмаган. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий шу тилда бебаҳо асарлар яратиб, дунёни лол қолдирган. Бугунги кунда жаҳоннинг барча мамлакатларида давлатимиз делегациялари ташрифи, ёшларимизнинг ютуқлари, спортчиларимиз ғалабалари шарафига ўзбек тилида мадҳиямиз куйланаётир.

Раъно РИЗАЕВА,

Халқ депутатлари Навоий вилоят кенгаши депутати.

http://xs.uz/uzkr/post/til-bilish-va-tilni-hurmat-qilish-tinchlikning-garovidir