Худойберди Тўхтабоев: «Вақт ерга тушган ушоқдан ҳам қадрлироқ..»

 

Болалик инсон умрининг энг беғубор фасли. Бу фаслни ўткинчи ҳою ҳавас билан ўтказмаслик, китоб билан ҳамнафасликда ўтказиш жоиз. Зеро, қалбу шууримизни ёритгувчи, бойитгувчи – У.

Таҳририятимиз Ўзбекистон халқ ёзувчиси, болажонларнинг қадрдон «дўсти», дунёнинг 130 тилига ўгирилган «Сеҳрли қалпоқча» қиссаси, «Сариқ девни миниб», «Сариқ девнинг ўлими», «Сеҳргарлар жанги ёхуд ширин қовунлар мамлакати» каби кўплаб машҳур асарлар муаллифи Худойберди Тўхтабоев билан суҳбат ташкил этди. Устоз ёзувчининг болалик хотиралари, болалар адабиёти ҳамда кичкинтойларни китобхонликка қизиқтириш борасидаги фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

​ Болалигингизда ўйинқароқ бўлганмисиз? Қандай халқ ўйинларини ўйнагансиз?

— Бизнинг давримизда етти ёшдан далада ишлаб бошлар эдик. Шунга қарамай, бўш вақт топдик дегунча майдонда гуруҳ-гуруҳ бўлиб, «чиллак», «яшрин топалоқ», «узоққа сакраш», «қоч, болам, сой келди» каби кўп ва хўп қизиқарли ўйинларни ўйнар эдик. Айниқса, топишмоқ айтиш энг севимли машғулотимиз эди. Бу каби халқ ўйинлари нафақат жисмимизни, балки ақлимизни-да чиниқтирар эди. Бироқ кеча биз севиб ўйнаган халқ ўйинларини бугунги болалар ўйнамайди. Эндиликда уларнинг ўрнини компьютер ўйинлари эгаллаган афсуски...

​ Бугунги болаларда таажуубланиш камроқ. Уларни ҳайрон қолдириш, ишонтириш қийин бўлиб қолди. Бунга нима сабаб деб ўйлайсиз?

​ Болаларнинг руҳини, онгини, қалбини ўзига тортадиган телевидение пайдо бўлди. Ҳатто беш яшар бола ҳам телевизор ва китоб орасида зангори экранга кўпроқ қизиқиш билдиради. Қолаверса, интернет ҳам уларнинг бутун эътиборини жалб қилган. Энди уларни техникадан айро тутиб бўлмайди. Шунга қарамай, китоб билан, мутолаа билан боланинг ҳис-туйғулари темирлашишини олдини олиш мумкин.

Энди биз ҳам ана шулар каби асарлар яратишимиз керак, болалар қизиқиб ўқийдиган, бир-бирига мақтаниб айтиб берадиган китоблар ёзишимиз керак. Анвар Обиджон, Дилшод Ражаб, аста-секин болалар адабиётига кириб келаётган Отабек Қувватов қиссаларида ҳам фикр бор, ҳам юмор. Мана шундай ижодкорларни кўпайтириш лозим.

​ Болалик даври ҳам турлича: кичик ёш, ўрта ёш, катта ёш. Қайси даврда болаларга қандай жанрдаги китобларни ўқишини тавсия этасиз?

​ Ҳар бир ёшнинг ўзини масъулияти бўлади. Бола болаликда зарур бўлган ҳамма нарсани ўзлаштириши лозим. Бўлмаса ўсмирлиги чала бўлиб қолади. Вақт ерга тушган ушоқдан ҳам қадрлироқ. Шу сабабдан боланинг еттига тўлишини кутмай, 3-4 ёшиданоқ эртаклар ўқиб бериб, китоб билан уларни дўстлаштириш керак. Топишмоқлар фикрни, мақоллар тилни ривожлантиради. Шу боис инсоннинг болалигида топишмоқлар, мақоллар, эртаклар эшитиб улғайиши фақатгина кони фойдадир. Сабаби кичик ёшда фикр, онг, тафаккур шаклланади. Кейин қотиб қолади. Болалик 11 ёшда тугайди. 11 ёшдан кейин ўсмирлик бошланади. Ўсмирнинг ёши 11-12 дан ўтдими, дунё адабиётидан Жюль Верн, Марк Твенни ўқишни бошлаши керак.

​ Болалар адабиётини қандай қилиб ривожлантириш керак деб ўйлайсиз?

​ Бу аввало нашриётларимизга боғлиқ. Яхши китобларни қайта-қайта ва кўп нусхада нашр этиши керак.

Аслида кичкинтойларга бевосита ўқиб берадиган китобларимиз кам. Ўқиладиган, қизиқарли китобларнинг эса тарғиботи йўқ. Ўқишли, қизиқарли китобларни кўпайтириш, уларнинг тарғиботини кучайтириш керак. Шу жойда ёзувчи Саид Аҳмаднинг бир гапини келтираман: «Болага китоб ёзаётган ёзувчи шу китобни тугатмагунча бола бўлиб туриши керак. Бўлмаса бу китобни ҳеч ким ўқимайди.» Демак, ёзувчи ўзини руҳиятини боланинг номидан бериши керак. Болалар ёзувчиси руҳиятни шаклланишини билиши даркор. Ёзувчи яна шуни инобатга олиши керакки, икки марта ўқишга арзимайдиган китоб бир марта ўқишга ҳам арзимайди. Яъни, болалар учун асар ёзаётганда, ижодкор унинг икки-уч марта ўқилишини ҳам назарда тутиш керак.

​ Сизни нима ўйлантиради кўпроқ? Ёзувчи ва инсон сифатида.

​ Мен ҳамиша ёзувчи сифатида ҳам, оддий инсон сифатида ҳам болаларни ўйлайман. Уларга янги ва яхши асарлар илинаман.

Бугун мактабларда таълим-тарбия жуда тез, жадал ривожланиб бориляпти. Қайси мактабга борманг ўқувчилар дарсликларни яхши ўзлаштиряпти. Лекин мана шу ерда эътибордан четда қолаётган бир камчилик бор. Синф раҳбарлари ўқувчиларга уйга топшириқ беряпти ишлаб келишга. Шунинг ўрнига ёки қўшимча сифатида бирор бадиий китобни ҳам мутолаасини уйга топшириқ қилиб берса нур устига аъло нур бўлар эди. Бундан ташқари, тарбиявий соатлар бор мактабларда. Мана шу соатларда маънавият раҳбарлари билан келишган ҳолда, мутолаа соатларини ҳам йўлга қўйиш лозим. Бу албатта боланинг тарбиясига таъсир ўтказмай қўймайди. Гапирсам ўйларим жуда кўп...

​ Фарзандларини китоб билан дўстлаштириш учун ота-оналарга қандай маслаҳатлар берасиз?

​ Бир ярим йиллар аввал Бешариқ туманига боргандим. Санаторийга. Шунда бир-икки мактабларга бордим, китобхон ўқувчиларни кўриб хурсанд бўлдим. Айрим ўқувчиларнинг уйларига ҳам бордим, китобхонларни ахтариб. Борганимда ранги-қутим ўчиб кетди. Аксарият ўқувчилар, ота-оналари ҳам уйда китоб ўқимайди. Яна бирига боргандим, «Ўрикзор» деган китоб ўқиётган экан (ўрикни қандай парваришлашга бағишланган китоб).

Айтмоқчи бўлганим, вақти-вақти билан ота-оналарнинг китобхонлигини мактаб бошқариши керак. Минг топшириқ берманг, боланинг нозик жойи муаллимнинг қўлида. Ана шу ердан қаттиқ ушласа бола китобга ўрганади. Шунингдек, китоб ўқимаган ота-онанинг ҳам фарзанди китобхон бўлмайди. Оилавий китобхонлик бўлса, бола шундан ўрнак олади. Зеро, қуш уясида кўрганини қилади. Шундай эмасми?

Юлдуз Ўрмонова суҳбатлашди.

http://xs.uz/uzkr/post/khudojberdi-tokhtaboev-vaqt-erga-tushgan-ushoqdan-ham-qadrliroq