Ўзбекистонда 5-синф ўқувчиси инглиз тилидан таржима қилувчи овозли “Электрон луғат” яратди (видео)

Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабнинг 5-синф ўқувчиси Камронбек Толбаев Scratch дастурида “Электрон луғат” таржима дастурини яратди. Бу ҳақда ихтисослаштирилган мактабнинг фейсбукдаги саҳифасида видеохабар қолдирилди. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Унда айтилишича, ушбу дастур инглиз тилидаги сўзларни рус тилига ва аксинча, рус тилидаги сўзларни инглиз тилига таржима қилади. Дастурнинг яна бир эътиборли жиҳати, таржима қилинаётган сўзлар ва таржима қилинган сўзларнинг талаффузини фойдаланувчилар эшита олади.
“Электрон луғат”нинг қандай ишлаши ҳақида Камронбекнинг ўзи видео орқали тушунтириб берган:
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб Президентнинг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган.