Ишчанлик қобилияти ва меҳнатга лаёқат саломатлик ва шахсий сифатлар натижаси

Ишчанлик қобилияти ва меҳнатга лаёқат саломатлик ва шахсий сифатлар натижаси

 Ҳозирги вақтда организмнинг функционал ҳолатини баҳолашда, унинг захиралари, турли омилларга мослашиши даражасини аниқлашда, юрак-қон томир тизими тадқиқотларига асосий эътибор қаратилмоқда. Мураккаб ташкил этилган биологик тизимларнинг энг турли-туман реакцияларида қон айланиш тизимининг аҳамияти жуда катта. Қон ҳаракатланишининг умумий ёки чекланган механизмлари бузилиши, одатда, деярли ҳар қандай патологик ҳолатларда, агар сабаб сифатида бўлмаса, натижа сифатида кузатилади. Қон айланиш тизими организмнинг бошқа тизимлари билан шундай мустаҳкам алоқадаки, у турли издан чиқишларнинг универсал индикаторлари сифатида қаралади.

Инсон организмининг физиологик захиралари миқёсини аниқлаш шиддатли, қисқа муддатли, қатъий ўлчаб бериладиган жисмоний ёки ақлий юкламалар, яъни функционал синовларнинг қўлланиши билан амалга ошади. Жисмоний юклама универсал тестлаш воситаси ҳисобланиб, унинг ёрдамида организмнинг функционал имкониятлари ва яширин захиралари баҳоланиши мумкин. Ўлчаб берилган жисмоний юклама организмнинг асосий функционал тизимлари, энг аввало, қон айланиш тизимининг қувват захирасини ўлчаш эталони саналади. Организмнинг функционал захираларига хос миқдорий хусусиятлар усулларидан кейинги йилларда кўпчиликка маъқул бўлгани инсоннинг жисмоний ишчанлик қобилияти тадқиқотларидир (РWC170 тести). “Жисмоний ишчанлик қобилияти” атамаси орқали инсоннинг статик (турғун), динамик (ҳаракат) ёки аралаш ишда максимум жисмоний кучланишни намоён этишга мавжуд қобилиятида ифодаланади.

Маълумки, жисмоний ишчанлик қобилияти организмдаги турли тизимларнинг морфологик ва функционал қобилиятига боғлиқ. Жисмоний ишчанлик қобилияти бўйича тадқиқотларда, соғлиқни ташхислаш ҳамда касалликларнинг олдини олиш фаолияти кучайиши қобилиятини ўрганишда аъзо ва тизимларнинг жисмоний фаолиятга мослашиш даражасини аниқлаш муҳим вазифа саналади.

Бугунги кунда жисмоний ишчанлик қобилиятини тадқиқ этиш фақат спорт амалиётида эмас, касалхоналарда, физиологияда, меҳнат гигиенасида кенг қўлланилмокда. Гигиеник тадқиқот жараёнида жисмоний ишчанлик қобилиятини аниқлашнинг кўрсатишича, РWC170 тести умуман инсоннинг кардиооресператор тизимини баҳолашда қўлланилиши мумкин. РWC170 маълумотлари асосида жисмоний ишчанлик қобилиятини пайтида тавсифлаш билан организмнинг фаолият кўрсатиши ишончли эканлиги, кислород етказиб берувчи энг муҳим физиологик тизимларнинг ҳолати тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш муҳим. Усулнинг қиммати шундаки, у интеграл шаклдаги организм фаолиятидаги номувофиқликнинг солиштирма силжишларини акс эттиради. Мазкур синов (проба) ёрдамида белги эгаларида мавжуд бўлган юрак-қон томир ҳамда нафас олиш тизимларидаги функционал чекланишларни аниқлаш мумкин.

Биз таклиф этган концепцияга мувофиқ 30-40 ёшли ишчи хизматчиларнинг (1000 дан ортиқ киши) соғлигини тадқиқ этиш ишчанлик қобилиятининг пасайишига, кун давомида толиқиш ҳиссини оширишга ва ниҳоят, вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келадиган жиҳатларини топиш имконини беради. Энг аввало, ёш ортгани сайин юрак-қон томир тизимининг захира имкониятлари миқёси торайиб бориши, стандарт жисмоний юкламани бажаришнинг тежамкорлиги ҳамда жисмоний ишчанлик қобилияти (РWC170) кўрсаткичининг пасайиши, қон айланишни бошқариш механизмларининг бўшашиши диққатни тортади.

Бундан ташқари, кўпинча аёлларда тана оғирлигининг ҳаддан ортиқ кўпайиши (ёғ қатламининг қалинлашуви) ҳамда организмнинг функционал ҳолатини сақлаб туришда катта аҳамиятга эга бўлган скелет мушакларининг етарлича ривожланганлиги туфайли жисмоний ривожланиш мутаносиблигининг бузилиши кузатилади...

Соғликдаги оз ўзгаришлар ўзи, ўз соғлиги тўғрисида ўйлаб кўрмайдиган, фаол ҳаракат режими ва овқатланиш тартибига риоя қилмайдиган шахсларда кўп учрайди. Саломатликдаги аниқланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда оммавий жисмоний маданиятни ҳар бир ишлаб чиқариш жамоаси, ўқув муассасаси, ҳар бир оила ва ҳар бир инсон турмушига жорий қилиш ҳамда тарғиб этиш ўзини оқлайди ва илмий жиҳатдан асосланган ҳисобланади. Бунда вазифа шундан иборатки, ҳар бир киши ўз саломатлик даражасига хос жисмоний машқ мажмуаси ва спорт турини танлаши лозим.

Айтиб ўтганимиздек, жисмоний тарбия жараёнида жисмоний ривожланишни бошқариш бутун саломатликни баҳолашда айрим морфофункционал кўрсаткичлар даражасини аниқлашни назарда тутади. Бу организмнинг ривожланишига онгли равишда таъсир кўрсатади. Энг олдинда жисмоний ишчанлик қобилияти ва гавда мушак кучининг бўлиши қонуниятидир. Маълумки, РWC170 тести ёрдамида аниқланадиган жисмоний ишчанлик қобилияти организмнинг аэроб самарадорлигини акс эттиради ва чидамлилик машқларида катта аҳамият касб этади.

Демак, жисмоний тарбия жараёнида инсон саломатлигини мустаҳкамлаш учун чидамлиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратиш ва шу мақсадда юришнинг ҳар хил турлари, ўрта ва узоқ масофаларга югуриш, чанғи, велосипед учиш, эшкак эшиш каби машқлардан фойдаланиш лозим.

Шунингдек, саломатлик учун жисмоний сифатлар орасидан чидамлилик энг муҳим аҳамиятга эга эканлиги аниқланди. Муаллифлар фикрича, чидамлилик машқлари саломатликни яхшилайди, ишчанлик қобилиятини оширади. Германияда ўтказилган тадқиқотлар соғлиқ ва жисмоний ишчанлик қобилияти (РWC170), шунингдек, чидамлилик орасида мустаҳкам алоқа мавжудлигини кўрсатади.

Саломатлик ва жисмоний ишчанлик қобилияти бир-бирига боғлиқ, турмуш тарзи эса уларга бир хил йўналишда таъсир кўрсатади. Чидамлиликни машқ қилдириш билан бирга мушак кучини ривожлантириш ва мушак чидамлилигига эътибор бериш зарур. Адабиётларда гавда мушак кучи билан жисмоний ривожланиш даражаси орасидаги ўзаро боғлиқлик тўғрисидаги маълумотлар мавжуд. Узоқ муддатли гипокинезия шароитида махсус шиддатли гипокинезия шароитида махсус шиддатли машқ юкламаси қўлланиб, унинг таркибига бел ва оёқ-қўл мушаклари учун кўп сонли статик машқлар киритилди. Бу машқлар ортостатик таъсирларга чидамлиликни оширишга ёрдам бергани, суякларнинг минераллар билан тўйинган бўлишига, организмнинг иммун барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатгани маълум бўлди. Маълумотларга кўра, ҳаракат фаоллиги етишмовчилигини (гипокинезияни) штангачилар яхшироқ «кўрсатади». Бошқа спорт турларида, масалан, енгил атлетикада спорт машғулотларининг ўзига хос хусусиятлари орқа мушакларга камроқ статик юклама беради.

Ҳаракат фаоллиги қисқаришлари, овқатланиш давом этаётганлигига қарамай, ё бўй ўсиши ва ривожланишнинг вақтинча тўхтаб қолишига, ёки ҳатто бутунлай тўхташига ҳам олиб келади. Ҳаракат фаоллиги билан боғлиқ ҳолда амалга ошириладиган ҳаддан зиёд анаболизмда муаллиф икки босқич мавжудлигини кўрсатади.

Биринчиси оғирликнинг ҳаддан ортиқ ифодаланиб, шунинг ўзи бўй ўсиши жараёни ҳамда ички қувватнинг ошиши келтириб чиқаради. Бунда скелет – мушак тизимининг ўсиши ҳужайра элементларининг гиперкинезияси ҳисобига эмас, уларнинг гипертрофияси ҳисобига амалга оширилади. Иккинчи босқич тузилиши қувват имкониятларининг ҳаддан ортиқ тўпланишида ифодаланиб, улар онтогенезда оғирликни эмас, балки эркин қувватни оширади.

Ҳаракат фаоллиги жараёнида организмнинг меъёрда ўсиши ва ривожланиши учунгина эмас, балки тескари кодлаш ҳамда зигота геномларига кодланган алоҳида ривожланиш дастурларини амалга ошириш омиллари сифатида зарур бўлган метаболитлар юзага келади. Бошқача айтганда, ҳаракат фаоллигининг зарур ҳажмсиз етилмай тузилган ҳомила шаклланишнинг (мусобақанинг) барча керакли босқичларидан ўта олмайди, катта одам эса меъёридаги ҳаёт фаолиятини юритиш ҳамда стрессларга қарши туриш учун зарур тузилиш қувватини тўплай олмайди. Шундай қилиб, сўз скелет мушакларининг функционал фаоллиги ва қувват захираларини тўплаш учун шароит яратадиган самарали анобалик жараёнларни таъминловчи тинчлик шакли устида кетяпти. Юқори самарадорликка эга бўлган анаболизмга фаолият туфайли эришилади ва аксинча, паст самарали анаболизм ҳаракат фаолияти чекланган организмларда қайд этилади.

Афсуски, мазкур муҳим хулосалар профилактик тиббиётда юрак-қон томир тизими касалликлари ривожланишини башорат қилишда, инсон саломатлигини баҳолашда ўз муносиб ўрнини топмади, ваҳоланки, амалий фаолиятда айрим патологик ҳолатларнинг, бизнингча, биринчи сабаби ҳисобланган мушак тизими сустлигини қайд этишга тўғри келади.

...Организмнинг дастлабки функционал ҳолатини, фаолиятдан кейин функцияни тиклаш даражасини аниқлаш инсоннинг ишчанлик қобилиятини ривожлантириш ва соғликни мустаҳкамлаш мақсадида умумий ҳаракат фаоллигини илмий асосланган ҳолда ўлчаб бериш муаммосини ҳал этиш, шунингдек, субэкстрал таъсирларда (функционал синовлар) пайдо бўладиган жуда кичик ўзгаришларни аниқлаш имконини беради. Бундай ёндашув умумий аҳволнинг ёмонлашганлигини (жумладан, толиқиш ва ўта толиқиш натижасида) анча эрта пайқаш, пасайиши паталогия ривожланишига олиб келадиган минимал меъёрни белгилаш учун шароит яратади.

Бундай меъёрни белгилаш муайян профилактик тадбирларни ўтказишда асос бўлиб хизмат қилади. Организмнинг захира имкониятларини билиш аҳолини диспансеризациядан ўтказиш жараёнида яшаш қобилияти кучли кишиларни аниқлаш, уни башорат қилиш ва ривожлантириш имкониятларини ўрганишга йўл очади.

"Маърузалар матнлари"

Равшан Юсупов, ЎзМУ жисмоний тарбия ва спорт кафедраси

катта уқитувчиси