Икки асрда икки кучли зилзила бир кунда содир бўлган
Икки асрда икки кучли зилзила бир кунда содир бўлган
Марказий Осиёдаги энг кучли ва фожиали зилзила юз берганига 54 йил тўлди.
Тошкент сейсмик жиҳатдан хавфли Тошкент–Писком сейсмоген зонасида жойлашган.
“Тошкент“ энциклопедиясида ёзилишича, пойтахтимизда сўнгги 150 йил давомида 10 га яқин кучли зилзила (1866 йил апрель, 1868 йил 4 февраль ва 4 апрель, 1886 йил 29 ноябрь, 1924 йил 7 июнь, 1959 йил 24 октябрь,1966 йил 26 апрель, 1980 йил 11 декабрь, 2008 йил 22 августдаги зилзилалар) бўлиб ўтган. Шунингдек, Ўратепа (1897), Наманган (1942), Чатқол (1946), Қўштепа (1965) зилзилалари ҳам Тошкентга талафот етказган. 19-асрда яшаган тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжа 1866 йил апрелда Тошкентда содир бўлган кучли зилзила шоҳиди бўлган ва бу ҳақда машҳур “Тарихи жадидайи Тошканд” (“Тошкентнинг янги тарихи”) асарида (687-бет) ёзиб қолдирган. Унинг гувоҳлик беришича, 1866 йил 26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси (1282 ҳижрий йилнинг 10–11 зулҳижжаси)да Тошкентда кучли зилзила содир бўлган. Хожа Аҳрор жоме масжиди гумбази, аҳоли истиқомат қилаётган иморатлар қулаши натижасида аксарият қурбонлар бўлган.
Буни қарангки орадан бир аср ўтиб, 1966 йил 26 апрель соат 5 дан 22 минут 52 секунд ўтганда Тошкентда қаттиқ ер қимирлаш рўй берди. Зилзиладан аввал кучли портлашдаги каби товуш эшитилиб, шаҳар чеккасида шафақ кўринди. Илмий текширишларнинг натижаларига кўра, шафақнинг келиб чиқишига сабаб, ер остида йиғилган тектоник кучланишнинг ер юзасига чиқиши вақтида электр энергиясига айланишидир. Зилзила ўчоғи 5–10 км чуқурликда жойлашган. Зилзила энергияси 1014 жоулга яқин, эпицентрда унинг кучи 8 баллга етган. Зилзила маркази Қашқар маҳалласи ва Лабзак ўрнида қайд этилган.

Зилзила натижасида атрофга сейсмик тўлқинларнинг сўниб бориши натижасида 8, 7, 6 балли майдонлар ажратилган. 9 майдан 10 майга ўтар кечаси, 24 май ва 5 июнда кучли (6–7 балл) силкинишлар такрорланган. Зилзила натижасида 2 млн. м2 дан зиёд турар жой, 236 маъмурий бино, 700 га яқин савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, 26 коммунал хўжалик корхонаси, 180 га яқин ўқув юрти, 8 минг ўринли мактаблар, 36 маданий-маиший муассаса, 185 тиббиёт ва 245 саноат корхонаси бинолари зарар кўрди, 78 минг оила ёки 300 минг киши бошпанасиз қолди, қурбонлар бўлди. Марказий сейсмик станция биринчи кучли зарбадан сўнг силкинишларнинг 2500 дан ортиқ такрорланганини қайд қилди. 3,5 йилда зилзила оқибатлари бартараф этилган. Янги даҳалар, йўлдош шаҳар – Сергели бунёд этилди. 300 минг тошкентлик уй-жой билан таъминланди, 3200 минг м2 турар жой қурилди.
Бир неча йиллар аввал Тошкент сейсмик станцияси сейсмографлари бу ерда 2, 3, 4 балли кучсиз силкинишлар бўлади, деб қайд қилганлар. Лекин манбаи бевосита шаҳар остида бўлган кучли зилзила бу ерда юз йилдан бери бўлмаган эди. 1868 йилнинг 4 февралида рўй берган силкинишнинг кучи 7 баллга етган, холос. Шундан кейин Тошкентда содир бўлган зилзилаларнинг кучи паст бўлган.
Олинган сейсмик материалларни синчиклаб ўрганиш ва уларни Тошкентолди ҳудудининг тектоник тузилиши билан боғлаш натижасида шу нарса аниқландики, Тошкент ва унинг атрофида рўй берган зилзилаларнинг кучи 8 баллдан ошмайди. Шунга кўра зилзила эҳтимоли бўладиган сейсмоген зоналар асосида тузилган мукаммал сейсмик районлаштириш харитасида Тошкент 8 балли зонага киритилган.

Сейсмомикрорайонлаштириш натижасида шаҳар рельефи, муҳандислик-геологик шароитини назарга олган ҳолда, 7, 8, 9 балли майдонларга бўлинди.
Кейинги йилларда олиб борилган геологик, геофизик тадқиқотлар Тошкентда ҳеч қандай вулқон отилиб чиқмаслиги, шаҳар остида бўшлиқ йўқлиги, аксинча, қатламлар жуда ҳам зич жойлашганлигини ва сейсмофаол синиқлар борлигини кўрсатди.
Геологик, геофизик материалларни таҳлил қилиш ва Тошкент ҳамда унинг атрофидаги тектоник ҳаракатларни синчиклаб ўрганиш натижасида, 1961 йилда О.А.Рижков, А.А.Юрьев, Р.Н.Ибрагимовлар томонидан бу ҳудуднинг геологик ривожланиш тарихи ёритилиб, унинг сейсмик жиҳатдан фаоллиги ҳамда Тошкент ва унинг атрофида 7 ва ундан ортиқ балли зилзилалар бўлиши мумкин эканлиги биринчи марта илмий асосда кўрсатиб берилди. 1966 йил 26 апрелда бўлиб ўтган 8 балли Тошкент зилзиласи олимларнинг фикрини тасдиқлаганди.
1970 йил 20 майда шаҳар марказида ҳайкалтарош Дмитрий Рябичев иши бўлган “Жасорат” ҳайкали очилди.
ЎзА