Карантин даврида фобия (қўрқув)га тушманг!
Карантин даврида фобия (қўрқув)га тушманг!
Фобия – кишининг айни вақтда асоссиз қўрқувни ҳис қилиши. Қўрқув эса организмнинг ҳиссий ҳимоя реакцияси бўлиб, инсонни хавф-хатардан қочишга ундайди.
Фобияда инсон хавотир, ташвиш ҳамда ваҳима ҳиссини туяди, бу айнан шу ҳолатга хос реакциядир. Инсон шу ҳолга дуч келмаслиги учун унга сабаб бўладиган омилдан қочишга уринади. Ваҳима хуружлари вақтида юрак уриши тезлашиб, кўкрак соҳасида оғриқ, терлаш, қалтираш, бош айланиши, томоқнинг қуруқшаб қолиши, қизариш (оқариш), ҳолсизланиш, нафас етишмовчилиги, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши кузатилади. Бу эса ўша инсоннинг рисоладагидек яшашига халал беради.
Фобиянинг ривожланиши учун нарса-предмет, ҳодиса, вазият, шахс ёки ҳайвон, ҳашарот сабаб бўлиши мумкин.
Қўрқув ва фобия бир-биридан нимаси билан фарқ қилади? Тиббий психотерапияда бу тушунчалар ажратилмайди, психологияда эса улар алоҳида-алоҳида ўрганилади. Аниқроқ изоҳ бериладиган бўлса, қўрқув айни вақтдаги мавжуд вазият, фобия эса кишининг хаёли, тасаввуридаги, реалликда кузатилмаётган ҳолатдир.
Инсон ўзида фобия мавжудлигини англаса, мутахассис психолог ёки психотерапевтга мурожаат қилгани маъқул. Мутахассислар фобияни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаб, уларни бартараф қилишлари мақсадга мувофиқдир. Бу жараёнда бир неча усулларни қамраб олган тизимли ёндашув асосида иш олиб бориш тавсия этилади. Хусусан, гуруҳий терапия, гипнотерапия ёки медикаментоз терапия усулларидан фойдаланилиши мумкин.
Фобиядан мустақил тарзда қутулишнинг иложи ҳам бор. агар инсон руҳиятини жароҳатлаган ҳолат, воқеа-ҳодисани, унинг сабаблари, моҳиятини яхши англаса, аутотренинг ўтказиш кўникмаларига эга бўлса, хотимани ўзи хоҳлагани каби қайта «моделлаштириши», «бошдан ўтказиши» мумкин. Ишни шу тарзда ташкиллаштириш ҳам фобияни бартараф этишда яхши натижа беради. Бироқ барибир психолог ёки психотерапевт хонасида мазкур жараён самаралироқ бўлиши ва бунга кам вақт кетишини ҳисобга олиш зарур.
Мамлакатимизда юзага келган эпидемиологик вазият туфайли, шубҳасиз, кўплаб фуқароларимиз таҳлика ва ваҳимага тушаётган бўлишлари мумкин. Аммо бунга йўл қўймаслик, ваҳимага тушмаслик ҳар кимнинг ўз қўлида. Карантин талабларига кўра, зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, бўш вақтни кўнгилочар машғулотлар билан ўтказиш фобияни енгишда муҳим роль ўйнайди.
Умарали ҚОДИРОВ,
психология фанлари доктори