СПОРТ ШИФОКОРЛАРИ УЧУН ХАЛҚАРО АНЖУМАН ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Спорт тиббиёти
СПОРТ ШИФОКОРЛАРИ УЧУН ХАЛҚАРО АНЖУМАН
ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда спорт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар қаторида, спортчиларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши, уларнинг тиббий-фармакологик воситалар билан таъминланиши борасида аниқ чора тадбирлар амалга оширилаётгани эътиборга молик.
Куни кеча пойтахтимизда спорт тиббиёти соҳасига бағишланган хорижлик спорт шифокорлар иштирокида халқаро анжуман ўтказилди.
Мазкур “Анестезиология-реаниматология ва интенсив даволашда янги технологиялар“ номли халқаро илмий анжуман Республика хирургия илмий-амалий маркази, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, юртимизда спорт соҳасининг етакчи мутахассислари ва халқаро экспертлар иштирок этишди.
Анжуманда, иштирок этган Миллий Олимпия Қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов ўз нутқида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлатриш соҳасида, спорт тиббиёти масаласида амалга оширилаётган муҳим ишларга тўҳталиб ўтди. — “Айни пайтда Токио Олимпиадасига давлатимиз қўллаб-қувватлаши асосида катта ҳажмдаги тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, биринчи марта барча федерацияларда спорт шифокори, психолог, диетолог, массажчи штат-бирликлари очилди ва тўлиқ молиялаштирилди. Бу борада ҳар бир федерацияда тажрибали мутахассислар иш бошлашди. Ишонаманки, бу каби тадбирларнинг ўтказилиши юртимизда спорт тиббиёти ривожига улкан хисса қўшади”, – дея таъкидлади Рустам Шоабдураҳмонов.
Анжуман доирасида “Спорт тиббиёти“ амалиётида шошилинч ҳолатлар рукни ташкил этилиб, ушбу йўналиш бўйича қатор хорижий мамлакатлар, жумладан, Америка Қўшма Штатлари, Италия, Германия, Россия Федерацияси ва Қозоғистондан келган етакчи олимлар иштирокида Сателит симпозиум ўтказилди. Тадбир давомида Ўзбекистон спорт федерацияларида фаолият олиб бораётган кўп сонли шифокорлар, илмий-амалий марказ вакиллари, спорт тиббиёти бўйича мутахассислар ҳам иштирок этишди.
- Мазкур халқаро даражадаги тадбир биз каби спорт тиббиётида фаолият олиб борувчи шифокорлар, жумладан дитеолог, психологлар учун жуда катта аҳамиятга эга, — деди Г. Хасанова, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси диетологи. — Биз учун тадбир доирасида тақдим этилган маърузалар ҳамда хорижий мутахассислар томонидан берилган маълумотларда спортчиларни нуфузли халқаро мусобақалар, жумладан, Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига тиббий-психологик ҳамда жисмоний жиҳатдан тайёрлаш масаласида керакли тавсия ва таклифлар берилганлиги ўзига хос тажриба мактаби бўлди. Шу билан бирга анжуманда спорт фаолиятида учрайдиган шошилинч ҳолатларда спортчиларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос хусусиятлари атрофлича муҳокама этилди.
Шунингдек, “Анестезиология-реаниматология ва интенсив даволашда янги технологиялар“ мавзусидаги халқаро илмий анжуман доирасида “Спортчиларни физиологик кузатувида мослашув-машғулотли -реабилитацион комплекслардан фойдаланиш истиқболлари”, “Спортчиларни мусобақа ҳамда мусобақадан олдинги тайёрлаш босқичларда учрайдиган шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб этувчи, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар тизими ва такрорланиши” каби муҳим илмий-маърузалар тингланди.
ЎҚФ Матбуот хизмати