Қиличбозлик бўйича Миллий терма жамоамиз аъзолари ўқув йиғин машғулотларига киришишди

Қиличбозлик бўйича Миллий терма жамоамиз аъзолари ўқув йиғин машғулотларига киришишди

Жорий йил апрель ойининг биринчи ўн кунлигида Болгария давлатининг Пловдив шаҳридда қиличбозлик спорт турининг учта тури бўйича ёшлар ва ўсмирлар Жаҳон Чемпионати мусобақаси бўлиб ўтади. Шу муносабат билан ҳозирда қиличбозлик бўйича Миллий терма жамоамиз аъзолари ўқув йиғин машғулотларига киришишган.

Айни дамда, қиличбозлик терма жамоа мураббийлари томонидан ўқув йиғин машғулотларда спортчиларнинг спорт маҳоратларини янада ошириш учун уларга қиличбозлик тактилари ва техникасини ўз вақтида қўллаш усулларини  ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2-9 март кунлари Тошкентда қиличбозлик бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида мамлакатимизнинг истиқболли қиличбозлари мусобақада муваффаққият қозониб, медаллар шодасини қўлга киритишган эди.

  • “Яқинда Тошкентда қиличбозлик бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати мусобақалари спортчиларимиз учун жуда ҳам муросасиз ва қизғин кураш асосида кечди – дейди Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сабля йўналиши бўйича мураббийи Ёрқин Йўлдошев. – Ўтган йилги мусобақаларда спортчиларимиз 7 та олтин медални қўлга киритишган эди, бу сафар ҳам айнан сабля йўналишида 7 та олтин медални олдик. Бироқ, ушбу мусобақа жуда ҳам оғир кечди, боиси ўтган йилги мусобақада Япония, Корея ва Хитой мамлакатлари спортчилари қатнашмаган эди, мазкур мусобақада эса ушбу мамлакатларнинг энг кучли спортчилари иштирок этишди. Шунга қарамасдан ўзбек қиличбозлари ўзларининг салоҳиятини намоён этиб сабля йўналишида рекорд натижани кўрсата олишди.

Янги спортчиларимиз номлари ҳам аниқланди, булар Нукус шаҳридан Дилназ Уснатдинова ва Тошкентдан Фотима Махмуджонова каби саблячи қизларимиз бундай катта спорт аренасида илк бор чиқишларига қарамасдан ўз иқтидорини намоён эта олишди.

Таъкидлаш жоизки, яқинда, апрель ойида Болгарияда бўлиб ўтадиган
20 ёшгача бўлган ёш қиличбозлар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида спортчиларимиз муносиб иштирок этишлари учун терма жамоамиз мураббийлари ва спортчиларимиз жиддий ва самарали ҳаракат қилмоқда”.

Биз ушбу нуфузли мусобақада ҳам Миллий терма жамоамиз аъзоларининг муваффаққиятли чиқишларига ишонамиз.

 

Ўзбекистон қиличбозлик Федерацияси

Матбуот хизмати