Қиличбозлик бўйича лицензион турнирда шпага бўйича ғолиб аниқланди
Қиличбозликнинг шпага турида Олимпиада йўлланмаси Қирғистонлик Роман Петровга насиб этди.
Тошкентда жорий йил 25 апрель куни бўлиб ўтган қиличбозлик бўйича Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи Осиё -Океания саралаш турнири доирасида шпага йўналишида жами
19 нафар спортчилар ўзаро баҳсга киришишди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси вакили Файзулла Алимов дастлабки тур беллашувларининг деярли барчасида устунликка эришди.
Эътиборли жихати, Файзулла Алимов нимчорак босқичининг сўнги дақиқаларида рақиби Аббас Мохсиндан (Ироқ) ортда қолаётган эди, кутилмаганда Файзулла шиддат билан ҳисобни тенглаштирибгина қолмасдан, балки 15:14 ҳисоби билан рақиби устидан устунликка эришди.
Афсуски, ўта кескин ва муросасиз кечган чорак финал босқичи беллашувида ҳамюртимиз Файзулла Алимов қирғизистонлик Роман Петровга енгилди. Ҳисоб 15:13.
Айтиш жоизки, қиличбозлик йўлакчаси ана шундай кутилмаган вазият ва ҳолатларга бой.
Шундай қилиб, Ўзбекистонлик шпагачи-қиличбозимиз Файзулла Алимов шоҳсупанинг учинчи поғанасидан ўрин олди.
Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи Осиё -Океания саралаш турнирининг шпага йўналишида бўлиб ўтган мусобақа натижалари қуйидагича:
- Роман Петров – Қирғизистон
- Нгуен Тиен Нат – Вьетнам
- Алдавуд Жавад – Саудия Арабистони Қироллиги
- Файзулла Алимов – Ўзбекистон
Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Матбуот хизмати