Мақсад - ёш спортчилар орасида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини янада ошириш
Спортчилардан қизғин салом Самарқанд!
Муҳтарам Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ҳамда уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурган бешта муҳим ташаббуслари ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан қиличбозлик бўйича Миллий терма жамоа спортчилари учун маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини янада оширишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси ҳамда Қиличбозлик Федерацияси раиси Рустам Шаабдурахмонов билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда таъкидланган қатор масалалардан келиб чиқиб, спортчиларда Она Ватанга мухаббат ва ватанпарварлик руҳини ошириш мақсадида Миллий терма жамоа аъзолари учун республикамиз минтақаларига сайёҳатлар ташкил қилиниб, ташриф давомида диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишиш режалаштирилган эди.
Саёҳатнинг бугунги манзили – қадимий ва гўзал, ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳридаги дунёга машҳур қадамжолардан бошланди. Таъкидлаш жойизки, қадимий ва бой тарихимизни ўрганиш ёшларда қандай буюк зотларнинг, дунё илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган улуғ олим ва мутафаккирларнинг авлоди, бетакрор мерос вориси эканидан фахрланиш туйғусини кучайтириш, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга спортчиларимизга тарих сарҳатлари юзасидан маълумотларга эга бўлиш, ўз навбатида бўлиб ўтадиган халқаро мусобақалар ва Жаҳон спорт ареналарида шубҳасиз кучли рухий далда беради.
Маънавий ва маърифий руҳдаги бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиб турилиши спортчиларнинг ўтмиш тарихимизни яхшироқ ўрганиши, ҳозирги тинч ва осуда ҳаётимизга шукроналик ҳамда буюк келажагимизга ишонч туйғуларининг шаклланиши учун катта аҳамият касб этади.