Спорт беллашувларида тиббиётчилар
Спорт беллашувларида тиббиётчилар
Ҳамиша соғлом турмуш тарафдори бўлган тиббиёт ходимлари бугун ўз спорт маҳоратларини майдонда синовдан ўтказишди. Эътиборли жиҳати, спортчиларимизнинг саломатлиги учун масъул бўлган ва қайғурадиган шифокорларимиз учун ташкил этилган спорт мусобақаларида улар ҳақиқий атлетлик ҳиссини туйиб кўришди.
Мамлакатимиз Президенти илгари сураётган оммавий спорт тарғиботи бўйича ташаббусларининг амалий ижросини таъминлаш мақсадида Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий амалий маркази ташаббуси билан мазкур Марказ ходимлари, шунингдек, спорт федерацияси ва ассоциацияларида фаолият олиб бораётган шифокор, диетолог, массажчи, психологлар ўртасида стол тенниси, мини-футбол ва бадминтон бўйича мусобақалар ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мусобақаларда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси тиббиёт ходимлари, Маъмуржон Мусаев, Сардор Садиков, Сайхон Муродовлар мини-футбол ҳамда стол тенниси, Гулчехра Хасанова ва Зиёда Мирмухамедовалар бадминтон бўйича спорт беллашувларида иштирок этишди.
— Қувонарлиси, федерациямизнинг барча тиббиёт ходимлари ўзлари қатнашган спорт турлари бўйича ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин эгаллашди — дейди Маъмуржон Мусаев Ўзбекистон Қиличбозлик федерацияси спорт шифокори. — Жумладан, эркаклар учун ташкил этилган мини футбол мусобақаларида биз 2-ўринни ва стол тенниси беллашувларида фаҳрли 1-ўринни қўлга киритдик. Мазкур спорт мусобақалари барча иштирокчиларга бир олам завқ ва ижобий қувват бахш этди.
Мини-футбол беллашувлари “Бунёдкор” футбол клубининг академиясида ташкил қилинган бўлса, бадминтон баҳслари “Чорсу” спорт клубида, стол тенниси мусобақалари эса МОҚ биносида ўтказилди.
Таъкидлаш жоиз, тиббиёт ходимлари мазкур спорт ўйинлари давомида ўзларининг юқори спорт техника ва маҳоратлари билан ҳамкасблар ва ОАВ ходимларининг диққатига сазовор бўлишди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, ғалабага бўлган ирода намоёндалари ҳам турли номинацияларда тақдирланишди. Маросимда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Азизжон Камилов ҳам иштирок этишди ва мазкур спорт тадбирида қатнашган барчага миннатдорчилик билдириб, иштирокчиларни эсдалик совғалари билан тақдирлашди.
Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Матбуот хизмати
Фотосуратлар муаллифи Абдулло Файзуллаев