Қиличбозлар терма жамоаси йиғини давом этмоқда

Қиличбозлар терма жамоаси йиғини давом этмоқда

Хабарингиз бор Карантин қоидалари юмшатилгач, жорий йилнинг 20 сентябрь санасидан бошлаб қиличбозлик бўйича Милиий терма жамоамиз тўлақонли машғулотларга қайтишди.

Жумладан, шпага ва сабля йўналишлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент шаҳридаги “Умид” ва рапирачи-спортчилар Миллий қиличбозлик Клуби залида кунига икки маҳалдан ўқув машғулотлар йиғинини ўтказишмоқда. 

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси спорт шифокори Сардор Садиков спортчиларни доимий равишда назорат қилиб бораяпти. Йиғинда барча карантин қоидаларига риоя қилинмоқда.

- Мазкур йиғин олдинда бўлиб ўтадиган республикамиз миқёсидаги ҳамда Осиё ва жаҳон чемпионати ҳамда кубоклари шунингдек бошқа халқаро турнирларга сифатли ва пухта тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб беради - дейди қиличбозлик Миллий терма жамоаси сабля йўналиши бўйича мураббий Ёрқин Йўлдошев. - Узоқ танафусдан сўнг ташкил этилган ушбу йиғинда асосан қиличбозларимизнинг жисмоний формасини тиклаш ва уларнинг психологик ҳолатларидан келиб чиқиб, ғалаба сари руҳлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Машғулотлар жараёнини четтан туриб кузатар эканмиз, спортчиларнинг аъло кайфиятда мураббийлар кўрсатмаларини бажараётганликларини гувоҳи бўлдик. 

- Мен жамоадошларим билан биргаликда ўтаётган айни дамдаги анъанавий йиғинни жуда ҳам катта соғинч билан кутгандим - деди Шахзода Эгамбердиева, терма жамоанинг шпага йўналиши аъзоси.  - Йиғин машғулотларида мен мураббийларимиз томонидан берилаётган жисмоний юкламалар ва барча маҳсус қиличбозлик бўйича техник ҳамда тактик усулларни зўр қизиқиш ва мароқ билан бажаришга уринаман. Чунки, бугун пухта ўрганган ҳар бир спорт сабоқларимиз эртанги ғалабамиз учун пойдевордир. 

Маълумот учун, қиличбозлик ўқув-машғулот йиғини 31 октябрга қадар давом этади.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси матбуот хизмати