СОҒЛИГИМИЗГА КИМ МАСЪУЛ: шифокорми ё аттор? "Мўъжиза" ҳақида рост ва ёлғонлар...
СОҒЛИГИМИЗГА КИМ МАСЪУЛ: шифокорми ё аттор? "Мўъжиза" ҳақида рост ва ёлғонлар...
Кейинги кунларда биологик фаол қўшимчалар - БАД истеъмоли тобора оммалашиб бормоқда.
Кўпчилик уни «минг бир хасталикка даво» сифатида қабул қилиб, «мўъжизакор» қудрати ҳақидаги гап-сўзлар тилдан-тилга ўтиб юргани ҳам рост.
Аслида ушбу маҳсулотлар бизнинг соғлигимизга қай даражада фойдали? Умуман, турли хасталикларда БАДларга мурожаат қилишимиз тўғрими? Бу борада мутахассислар нима дейди?
Бу каби саволларга жавоб излаб, Тошкент тиббиёт академияси доценти, Халқаро илмий академия ва Халқ табобати академияси академиги, Ўзбекистон ихтирочилар жамияти аъзоси Алижон ФАҚИРОВ билан суҳбатлашдик.
— БАДлар илк бора 1912 йилда яратилган, – дейди А.Фақиров. – Польшалик олимлар дармондориларни ўсимликлар таркибидан ажратиб олишни ўзлаштирган ва шу тариқа 20 яқин В, А, С гуруҳига мансуб бўлган витаминларга асос солинди. Аввалига олимлар касалликларга қарши курашда кучли қуролга эга бўлдик, деб ўйлашди. Зеро, ўз даврида улар яхши самара берди. Мисол учун, ўша йилларда шабкўрлик тарқалган бўлиб, улар А витамин берилганда, тузалган ёки С витамини кўмагида милк қонаши, тишлар тўкилишига барҳам берилган.
Менделеев даврий жадвалида 112 элемент мавжуд. Улар инсон организмида неча фоизни ташкил қилиши аниқланди. Сўнгра уларни ўрнини тўлдириш учун биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш бошланди. Шу тариқа БАДлар ўтган асрнинг 70-90 йилларида тиббиёт соҳасида инқилоб қиладиган даражада кўпайди.
— Демак, БАДлар маълум бир даврда «мўъжизакор» хусусиятини намоён қилган. Хўш, улар нега ишончни оқламади?
— Сабаби, ҳар бир дарднинг ўз давоси бор. Бироқ, ўз даврида БАДлар йирик бизнес вакилларини қизиқтириб қолди. Бунинг ортидан миллиардлаб пуллар ишлашни улар англаб етгач, реклама қилишга зўр берилди. Шифокорлар қолиб, бошқа соҳа вакиллари уни ҳамма касалликларга тавсия қила бошлади. Агар эътибор қиладиган бўлсангиз, дунёда дори-дармон ва БАДлар савдоси энг кўп маблағ айланиши бўйича тўртинчи ўринда туради. Одам савдоси, қурол-яроқ ва гиёҳванд моддалар савдосидан кейин албатта. БАДлар орқасидан жуда кўплар фойда қилди, миллиардерга айланди.
Аммо... 90 йилларга келиб, у ҳамма касалда ҳам ўзини оқламаслиги аниқ бўлди ва қизиқиш сўнди. Чунки БАДлар аслида дори–дармон ҳисобланмайди, балки қўшимча озуқа сирасига киради. Мисол учун, ошқовоқ, олчадан ёки гўшт таркибидан дармондори олинади, калий, аминакислоталар билан бириктирилади. Шу тариқа БАД пайдо бўлади.
- Ўзини шунчаки оқламадими ёки уларнинг ножўя таъсирлари аниқландими? Бу йўналишда қандай тажриба ва таҳлиллар ўтказилган?
- Албатта, кўп олимлар таҳлил олиб борган. Мисол учун, Россияда 2017 йилда ҳам тадқиқот ўтказилган. Жарроҳлик амалиётидан кейин беморларнинг бир гуруҳига БАДлар берилган, иккинчисига эса йўқ. Орадан маълум муддат ўтгандан кейин иплар олинганда икки гуруҳда ҳам жароҳатни битишида фарқ бўлмаган. БАДлар жараёнга мутлақо таъсир қилмаган. Бу каби тажрибалар жуда кўп.
Сўнгра кўпгина давлатларда, жумладан Россия, Канада ва АҚШда БАДларнинг асоратлари ўрганилди. Мисол учун, таркибида натрий бўлса, ошқозонга тушиб сув билан аралашганда натрий хлор ҳосил қилади. Бундай кислотанинг ошиб кетиши эса ошқозонни емиради ёки калий ёнади. Марганцовкадан портловчи модда ҳосил қилса бўлади. Улар билан ҳазиллашиб бўлмайди ва бир жойга жамлаб ҳам.
Шу тариқа асоратлар кўрина бошлади ва дунёда БАД тақиққа учради. Юртимизга эса БАДларни 1990 йилларда қонуний ва ноқонуний тарзда олиб кириш бошлади. Америкадан, кейин Хитойдан келди. Кўп фирмалар аҳолидан маблағни йиғиб, БАДларни дори деб, катта пулга сотиб, кейин қочиб кетди. Лекин, халқ улардан фойда кўргани йўқ. Фақат соғлигини, вақтини ва пулини йўқотди.
- Ҳозирда БАД рекламаси яна кучаймоқда. Бу жараёнда одамлар уларнинг фойда-зиёни борасида адашиб қолмоқда. Шифокорлар қолиб, ишбилармонлар тавсияси устунлик қиляпти. Нима эмиш, БАД 200дан ортиқ касалликка даво деса, одамлар сўнгги умид сифатида уни қиммат нархда харид қилмоқда. Бу жараённинг бизнесга айланишини қандай баҳолайсиз?
- Агар ҳақиқатдан ҳам БАДлар фойдали бўлганида катта-катта давлатларнинг президентлари, машҳур олимлар ўлмаган бўларди. Алексей Богомолов Сталин даврида аҳолини ёшартириш борасида изланиш олиб боряпмиз, сизга 200 йил умр ваъда қиламиз деган. Давлат раҳбари бунинг учун унга дала ҳовли, мансаб ва изланишлар олиб бориши учун лаборатория қилиб берган. Барча имтиёзлардан фойдаланган олим, роҳатда яшаб, ўзи 67 ёшда вафот этган.
Бир нарсага қойил қоламан. Яқинда ТВда 34 миллион аҳолини алдаб ўтиришганига кўзим тушди. Эмишки, маҳсулоти таркибида 300 яқин элемент бормиш. Ахир, Менделеев жадвалида 112 та модда бўлса, қолгани қаердан келди?
- БАД сотувчилар биргина кальцийни 200 касалга даво деб, тарғиб қилади. Агарда ҳар бир инсоннинг ўз мижози ва касаллик тарихи бўлса, бир элемент қандай қилиб, шунча касални даволайди, деб ҳайрон бўламан. Кўзга кўринган шифокорсиз. Одатда БАД сотувчилари обрўли шифокорлардан фойдаланишни ёқтиришади. Сизга ҳам мурожаатлар бўлганми?
- Жуда кўп келди. Жонимга текканидан қанчасини ҳайдаб чиқардим. Лекин, қоғозлари қолган. Унда 200 йил умр, соч ўстириш, кўз нурини тиклаш, қандли диабетни даволаш каби гаплар бор. Лекин, табиат қонунларига қарши чиқиб бўлмайди. Ҳар бир инсон ҳужайрасининг бошланиши ва ниҳояси бор. Бу жараён тўхтамайди. Мисол учун, бир умр БАД истеъмол қилиб, тоғ ҳавосини катта қувур орқали уйига киритиб, нафас олган Майкл Жексон ҳам 50 ёшга кирмай вафот этди.
Неча минг йиллардан буён олимлар ҳар бир юрт аҳолисига ўзининг юртида етиштирилган мева-сабзавотлар кўпроқ фойда келтиради, деб тавсия берган. Мисол учун, Хитойдан келтирилган женьшендан кўра, ўзимизнинг саримсоқпиёз соғлигимиз учун кўпроқ фойдали. Шунинг учун хориждан келаётган БАД ва доривор ўтларнинг «мўъжизакор» хусусиятларига кўп ҳам ишониш тўғри эмас.
Демак, овқатинг, доринг бўлсин, доринг овқатинг бўлсин, шиорига амал қилиш керак. Шундай экан, ҳеч бир касални даволашда БАДлар ёрдам бермайди.
- БАДларни тавсия қилаётганлар, уларнинг табиий ўтлардан тайёрлангани ва экологик тоза эканини мақтайди. Булар улуғ ҳаким Ибн Сино тавсиялари асосида тайёрланган, дейдиганлари ҳам бор.
- Шу ўринда А.Ориповнинг бир шеъри ёдимга тушди.
Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди бунда ҳам маъни.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло,
Молим ёмон деган бирор кимсани.
Буни тиббиётда ҳам қўлласак бўлади. Ҳеч ким молини ёмон демайди. Табиий маҳсулотни ҳам сақлаш муддатини узайтириш учун консервантлар қўшмаса бўлмайди. БАДларга ҳам аминокислоталар, витаминлар, минерал тузлар кабилар қўшилади. Консерватлар эса маълум маънода заҳарга тенг. Мисол учун, колбасанинг ранги азот туфайли қизил бўлади ёки сақичнинг таркибида 19 хил маълум миқдорда заҳар бўлади.
ЭСЛАТМА: суҳбатнинг тўлиқ шакли билан видеода танишасиз.
Сайёра ШОЕВА, Ёқуб МEЛИБОЕВ, ЎзА