Зайнаб Дайибекова: "Бизга билдирилган ишончни оқлашимиз керак!"
Ўқув йиғини қизғин паллада
Зайнаб Дайибекова: "Бизга билдирилган ишончни оқлашимиз керак!"
Шу кунларда қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари навбатдаги анъанавий ўқув-йиғин машғулотларини энг қизғин паллада давом эттиришмоқда.
Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси ҳодимлари ҳамда спорт шифокорлари ҳар куни мунтазам равишда спортчиларнинг саломатликларини назоратдан ўтказишмоқда.
Албатта, ҳар бир кунни қиличбозларимиз эрталабки бадантарбия машқларидан бошлаб, мазали нонуштадан сўнг махсус транспортда «Умид» қиличбозлик залига йўл оладилар.
"Биз бу каби жамоавий машғулотларни жуда ҳам соғингандик, — дейди, — қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Миллий терма жамоаси аъзоси Зайнаб Дайибекова. — Албатта, барча спортчилар қаторида биз ҳам маълум муддат пандемия туфайли уй шароитида шуғулландик ва айтиш керакки, Қиличбозлик федерацияси раҳбарияти ташаббуси ҳамда қатор спорт ташкилотлари саъи ҳаракатлари билан ZOOM платформаси орқали ўтказилган онлайн машғулотлар бир муддат ҳам тўхтаб қолмади.
Мен каби барча жамоамиз спортчилари ушбу ўқув йиғин даврида бизнинг меҳмонхонада яшашимиз, овқатланишимиз ва машғулотлардан сўнг мароқли ҳордиқ чиқаришимиз учун яратиб берилган барча қўлай шароитлардан жуда ҳам мамнун.
Шу ўринда мураббийларимизга алоҳида миннатдорчилик билдираман, чунки уларнинг меҳнати ва ғамхўрлиги, машғулотлар жараёнида қаттиққўл ва талабчанлиги бизни албаттта, ғалаба сари етаклайди. Шу боис ҳам, биз-қиличбозлар бу каби яхши эътиборга жавобан, олдинда турган барча турнирларда муносиб қатнашиб, бизга билдирилаётган ишончни оқлашимиз керак!"
ЎзҚФ Матбуот хизмати