Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамкорлигида Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларимизни яқинлашиб келаётган Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрлаш дастури давом этади. Бугун Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг яқин 4 йиллик учун тузиб чиққан режасининг тақдимоти бўлиб ўтди. ZOOM платформасида ўтган мазкур тадбирда МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбарияти, мураббийлар иштирок этишди.

Тақдимотни Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Бош котиби Гулнора Саидова олиб борди. Гулнора Тўлқуновна тақдимотда қиличбозлик бўйича лицензия олиш тартиби, терма жамоа спортчилари билан уларнинг зиммасидаги мажбурияти, машғулотлар графиги, Осиё ўйинларидаги иштирок ва келгуси Олимпия ўйинларига йўлланма олиш режаси ҳақида батафсил гапириб берди. Шунингдек, терма жамоамизда фаолият олиб бораётган мураббий, сабля йўналиши бўйича 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони Владимир Назлимов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

Ҳозир истиқболи бор ёшларимиз Париж Олимпиадасига келиб 20-21 ёшга тўладилар. Насиб қилса, у пайтга келиб, юқори даражага чиқа оламиз ва совринли ўринлар учун баҳс олиб борадиган жамоага айланамиз. Бу борада терма жамоамиз учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Бунинг учун ўзбек спорти мутасаддиларига ва ҳукуматга ташаккур айтиб қоламиз”, – деди Владимир Назлимов.

Тадбир якунида МОҚ раҳбари, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳам якуний хулоса бериб ўтди.

“Тақдимот билан яқиндан танишиб чиқдим. Қўшимча қилиш керак бўлган баъзи жойларни таъкидлаб ўтмоқчиман. Мураббийлар билан алоҳида ишлаш керак. Бу борада улар билан ҳам бирма-бир гаплашиб олдик. Суҳбат танқидий руҳда ўтиб, олдимизга қўйган мақсадлар ҳақида гап борди. Хоҳ хорижий, хоҳ маҳаллий мураббий бўлсин, уларни огоҳлантирдик. Натижа сари биргаликда ҳаракат қиламиз. Агар мураббий биз билан ҳамфикр бўлмаса, олий мақсадларни бажара олишига кўзи етмаса, яхшиси, ҳозир кетсин ва ўрнини бошқаларга бўшатиб берсин, дея таъкидлади МОҚ ва Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбари . Давлатимиз спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Бундай эътибордан кейин фақат натижа керак. Владимир Аливерич ўз шогирдларига йил давомида, 364 кун машғулот олиб боришни таъкидлаб келади ва фақатгина 1 январь куни дам олишга рухсат берган. Шак шубҳасиз бу саъй-ҳаракатлар вақти келиб натижа беради”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.