Жанубий кореялик Ли Ён Гюн шу пайтгача 209 марта марафонда иштирок этган эди. Унинг ана шу марафонларда югуриб ўтган масофаси жамланса, 8800 километрдан кўпроқни ташкил этади. У ҳозир 73 ёшлигида шаррос ёмғир қуяётганига қарамасдан ўзининг сўнгги – 210-марафонини босиб ўтишга азм этди.

Марафончининг майкасида саккиз минг метрли Ҳимолай чўққиларини 14 марта забт этган жанубий кореялик биринчи альпинист Пак Юн Сокнинг сурати туширилган. Пак Юн Сок 2006 йилда 8848 метрли Эверест чўққисига кўтарила бошлаганида Ли Ён Гюн дўстига ана шу 8848 маррасини километр ҳисобида югуриб босиб ўтиш ваъдасини берган эди.

“Пак Юн Сок, мана, кўриб турганингдек, сўзимнинг устидан чиқдим”, – деди Ли Ён Гюн ўзининг 210-марафонини 4 соату 38 дақиқада югуриб босиб ўтганидан кейин.

Пак Юн Сок, шунингдек Ернинг икки қутбида бўлган ва Гиннеснинг рекордлар китобидан ўрин олган. У ўзининг икки дўсти билан 2011 йилда Аннапурнининг жанубий ёнбағридан кўтарилаётган пайтда йўқолиб қолган. Тахминларга кўра, альпинистларни 6000 метр баландликда кўчки босиб қолган. Уларнинг қидируви бирор натижа бермаган.

Ли Ён Гюн нафақага чиққунига қадар Пак Юн Сок номидаги жамғарма директори бўлган.