Маълум қилганимиздек, айни кунларда Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар иштирокида Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига ишлаб чиққан тайёргарлик дастурларини ҳимоя қилишмоқда. Бугун Ўзбекистон волейбол федерациясининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда МОҚ раҳбарияти ва мутасаддилари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон волейбол федерацияси вакиллари қатнашди.

“Волейбол Ўзбекистонда ўзининг иккинчи туғилишини бошдан кечирмоқда. Ҳурматли федерация вакиллари, Сизларга ажойиб раҳбар – Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўзи сайланган. Бундан унумли фойдаланиб қолишингиз керак. Терма жамоанинг шуғулланиши учун база йўқ, деган жавоб кетмайди энди. Сизлар Республикамизда қайси объектни маъқул кўрсангиз айтинг, биз уни волейбол федерациясига бириктириб берамиз. Вазирлик ва МОҚ Сизлар учун фаолият олиб бормоқда. Фақат биргаликда олдимизга қўйилган марраларга эриша оламиз. Насиб қилса, катта-катта мусобақаларда ғалабаларингиз билан халқимизни хурсанд қиласизлар”, – деди МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов.

Суҳбат давомида олдинда турган йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик, Республикамиз ёшлари орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, ҳам эркаклар, ҳам аёллар терма жамоаси тўлиқ шакллантирилгач, уларни қитъа чемпионати ва дунё биринчилигининг саралаш босқичларидаги иштирокини таъминлаш масалалари бўйича муҳокама олиб борилди.