Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги ПҚ-2821-сон қарори ҳамда 2019 йил 4 сентябрь куни Жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янада ривожлантириш мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ҳар бир вилоятлардаги вакиллари фаолияти йўлга қўйилган. Бугун МОҚ раҳбари ва ҳудудий вакиллар иштирокида ортда қолган давр мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот конференцияси ўтказилди. ZOOM платформасида ўтган мазкур тадбирда МОҚ мутасадди вакиллари ҳам қатнашди.

Таъкидлаш жоиз, йиғилиш танқидий руҳда ўтиб, МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов вакилларнинг фаолияти ва ҳисоботларидан тўлиқ қониқмаётганини таъкидлади.

Ҳурматли ҳамкасблар, спортчиларимизнинг ижтимоий вазиятига янада эътиборли бўлишимиз керак. Уларнинг оиласи қандай аҳволда? Спортчимизнинг ўзи саломатми? Бириктирилган қўллаб-қувватловчи ташкилотлар томонидан қандай ёрдам кўрсатилди? Уларнинг соғлиғи биз учун биринчи ўринда туради. Шу боис ўз ишингизга янада масъулият билан ёндашишингизни сўраб қоламиз”, – деди МОҚ раҳбари.

Йиғилиш сўнгида Рустам Шоабдураҳмонов спорт ишлари бўйича маслаҳатчиси Назиржон Худойқуловга ҳисоботларни қайта кўриб чиқиш, яна бир учрашув ташкил қилган ҳолда олдинга қўйилган вазифаларни атрофлича муҳокама қилиш, яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами муносабати билан ўз ҳудудларида миқёсида онлайн спорт мусобақаларини ташкил қилиш борасида тегишли кўрсатмалар бериб ўтди.