Бугун Ўзбекистон ММА ассоциацияси ва триатлон федерациясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Сўнгги пайтларда ҳар икки ташкилотга муваффақиятли раҳбарлик қилган Отабек Умаровнинг асосий вазифасида иш ҳажмининг ортганлиги, қолаверса, мамлакатимиздаги эпидемиоголик вазиятдан келиб чиққан ҳолда Отабек Муҳаммадалиевичнинг раҳбар сифатидаги ўз ваколатларини муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилди.
“Мамлакатимиз, бутун халқимиз дунёни ларзага келтирган куч билан тўқнаш келди. Кўриниб турибдики, мавжуд қийинчиликларни енгиш учун ҳар биримиздан катта куч ва ғайрат талаб қилинади. Бундай вазиятда мен давлат хизматини бажариш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар мутлақо янги ҳарактерга эга ва мисли кўрилмаган жавобгарлик даражасига кўтарилганини биламан. Бу менга спорт ташкилотларидаги лавозимимни тарк этишдан бошқа имконият қолдирмайди. Сабаби оддий: ММА ассоциацияси ҳам, триатлон федерацияси ҳам катта эътибор ва вақт талаб қилади. Бугунги шароитда, афсуски, бунга кафолат бера олмайман. Ўзбекистон ҳар соҳада муваффақиятга интилувчи, спортга қизиқиши юксак бўлган ёшлар юртидир. Улар Давлатимиз шону шуҳратини дунёга танитишга интилишлари ҳеч қачон камаймайди. Иккинчидан, қисқа давр ичида бўлса ҳам ҳар иккала федерацияни мустаҳкам оёққа туриб олиши, бундан кейин дадил ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Бунга жуда машаққат ва фидойилик эвазига эришилди. Ишончим комилки, менинг ўрнимга келадиган инсонлар бу спорт турларини янада ривожлантиришади”, – деди Отабек Умаров.
Йиғилиш давомида триатлон федерацияси раислигига Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши Котиби Виктор Маҳмудов, ММА ассоциацияси раислигига эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Баҳодир Курбановлар бир овоздан сайланишди.
Таъкидлаш жоиз, Отабек Умаров бошқарув даврида ҳар икки ташкилотда ҳам улкан ўсиш кузатилди. Триатлон федерациясида хорижлик таниқли мураббийлар ишлай бошлашди, спортчиларимиз катта-катта халқаро мусобақаларда қатнашишди, халқаро ўқув-йиғин машғулотлари ташкил қилинди, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва Олимпия захиралари мактаб интернатларида триатлон бўлимлари очилди. Федерация раисининг биринчи ўринбосари Фаррух Носиров эса федерация номидан янги раҳбарият билан бирга улкан ишларни амалга оширишда барча ёрдамга тайёр эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Отабек Умаров 2019 йил 9 ноябрь куни ММА ассоциацияси раислигига тайинлангандан бери ҳам оламшумул ишлар амалга оширилганини айтиб ўтиш жоиз. Унинг бошчилигида пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” муз саройида 15 минг мухлис кўз ўнгида Ҳабиб Нурмагомедов, Рой Жонс, Жефф Монсон, Фрэнк Мир каби таниқли юлдузлар меҳмон бўлган GFC 20 кечаси ташкил қилинди. Жорий йилнинг февраль ойида Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳрида ўтган Халқаро аралаш жанг санъати ассоциациялари федерацияси (IMMAF) йиғилишида Ўзбекистон ММА ассоциацияси ташкилотнинг тўлақонли аъзоси деб тан олинди. Шунингдек, ММА ассоциацияси тўғрисида гап кетганида, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда ҳудудий бўлимлар ташкил қилингани, ҳаваскорлар ўртасида биринчи Республика чемпионати ўтказилгани, асосий таркиблар саралаб олингани, спортчи, мураббий ва ҳакамлар учун бир неча бор семинарлар ташкил этилганини алоҳида тилга олиб ўтиш мумкин.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳам сўзга чиқиб, ўз фикрларини билдириб ўтди:
«Юртимиз сўнгги 1 йил ичида триатлон ва аралаш жанг санъатлари бўйича катта ўсишга эришди. Бу юксалишни нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишди. Айниқса, аралаш жанг санъатлари бўйича бўш юрган маҳоратли йигитларимиз бир байроқ остида бирлаштирилди. Маълумки, шу пайтгача спортчиларимиз аралаш жанг санъатлари бўйича халқаро мусобақаларда қатнашиш учун ҳужжатлар тайёрлаш жараёнида кўплаб муаммоларга дуч келишар, йирик мусобақаларни малакали мураббийларсиз ўтказишар эди. Бу эса, табиийки, психологик ва жисмоний тайёргарликда, тиббий кўрикдан ўтишларида жиддий бўшлиқни юзага келтирган. Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси томонидан қисқа муддат ичида моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Албатта, қисқа вақт ичида ушбу икки спорт турини бирдек ривожланишида ҳамда халқаро ташкилотлар қаторига қўшиб, Ўзбекистонни халқаро майдондаги нуфузи ва обрўсини янада оширишга хизмат қилган Умаров Отабек Мухаммадалиевичнинг хизматлари катта ҳисобланади«.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси юртимизда Олимпия ҳаракати ва соғлом турмуш тарзи ривожи йўлида қўшган ҳиссаси учун Отабек Умаровга чексиз миннатдорчилик билдириб, унинг келгуси фаолиятида улкан муваффақият тилаб қолади.