Маълумки, ҳозирги эпидемиологик вазият туфайли спортчиларимиз уйда онлайн машғулотларни давом эттиришмоқда. Cпортчиларимиз ҳар куни машқ қилишларига қарамасдан узоқ карантин уларнинг жисмоний ҳолатига таъсир ўтказади. Яхши спорт формасини сақлаб туриш учун эса етарли жисмоний юкламалардан ташқари ўз вақтида ва тўғри овқатланиш, иммунитетни ошириб бориш ва албатта, ўз вақтида дам олиш зарур.

Бугун Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан “Озиқ овқат орқали иммунитетни ошириш йўллари” мавзусида онлайн семинар ташкил қилинди. Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, федерация мутасаддилари, спортчи ва мураббийлар қатнашишди.

Семинарнинг асосий қисмида диетолог Гулчеҳра Ҳасанова ўз тақдимотини намойиш қилди. Тақдимот давомида тажрибали мутахассис инсон иммунитети ва унинг хусусиятлари, иммунитетни оширишга ёрдам берадиган омиллар, уни доимий мустаҳкамлашнинг аҳамияти спортчи учун қанчалик фойдали экани ҳақида гапирди. Шунингдек, Гулчеҳра Ҳасанова ўз нутқида рационимизда витаминларнинг ўрни, фойдаси ва аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Онлайн семинар якунида эса Рустам Шоабдураҳмонов сўз олиб, ўз фикрларини билдириб ўтди.

Бугунги семинар жуда фойдали ва қизиқарли бўлди. Барча иштирокчилар ва ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Умид қиламанки, бу орқали спортчиларимиз ўз билимларини бойитиб, ушбу тавсияларга амал қилишади. Мен спортчилар учун фойдали овқатланиш менюсини тузиш ва уни ҳар бирларига юборишни маслаҳат бераман. Бундай семинарларни тез-тез ўтказиб туриш лозим”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бу борада онлайн тадбирлар режасини ишлаб чиққан. Унга кўра, нафақат спортчиларнинг машғулот жараёни, балки уларнинг маънавий билимларини ошириш, хорижий тил курсларини ташкил қилиш бўйича ҳам ишлар амалга оширилади.