Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 7 июлда Токио-2020 арафасида Олимпия ярашиш даври энди 2021 йил 16 июлдан (Олимпиада очилишидан етти кун олдин) 2021 йил 12 сентябргача (Паралимпия ўйинлари ёпилганидан етти кун кейин) амал қилишини тасдиқлади.
“Спорт ва Олимпия руҳи орқали курраи заминимизда тинчликни қарор топтириш ва янада бахтиёр ҳаётни барпо этиш” деб номланган резолюция БМТга аъзо бўлган 193 давлатнинг 186 таси билан ҳаммуаллифликда дастлаб 2019 йилнинг декабрида қабул қилинган эди. Бироқ Олимпия ўйинларини 2021 йилга кўчирилиши муносабати билан кузатув олиб бориш даври тегишли равишда ўзгартирилди.
Халқаро Олимпия қўмитасининг президенти Томас Бах янги муддат тасдиқланганидан кейин қуйидаги баёнот билан чиқди: “Жаҳон мамлакатларининг қўллаб-қувватлашлари билан Олимпия ўйинларининг бирлаштирувчи кучи яна бир бор тасдиқланди. Ўйинлар инсоният бирдамлигининг байрами ҳисобланади. Барча 206 та Миллий Олимпия қўмиталари ва ХОҚ Қочоқлар жамоаси спортчилари ҳеч бир камситишсиз бир-бирларини ҳурмат қилган ҳамда бир хил қоидаларга амал қилган ҳуқуқларга эгалар. Ушбу қарор, худди шунингдек, ҳозир инсоният ўтаётган қора туйнукнинг охиридаги ёғду бўлади. Биз барча ҳукуматлардан Олимпия ўйинларига билдирилган ишонч учун ниҳоятда миннатдормиз”.
Олимпия ярашиш даврининг анъанаси – «Экечеира» барча жанговар ҳаракатларини тўхтатиш, Олимпия ўйинларида иштирок этадиган спортчилар ва томошабинларнинг мусобақалар жойига хавфсиз келиши ва иштирок этишини таъминлашдан иборат. Резолюцияда Олимпиаданинг тинчлик, бирдамлик ва ўзаро ҳурмат қадриятлари Юнонистонда бундан 3000 йил илгари биринчи марта ўтказилган қадимий Олимпия ўйинлари каби бугун ҳам бутун жаҳонда муҳим эканлиги тасдиқланади. “Олимпия ярашиш даври” доирасида ХОҚ томонидан кўзланган асосий мақсад ёшларни Олимпия идеалларини ҳаётга тадбиқ этишга сафарбар қилиш, можаролар ҳолатидаги жамоалар ўртасида кўприклар ўрнатиш, умуман мулоқот ва ярашиш учун имкониятлар яратишдан иборатдир.