Маълум қилганимиздек, яқинлашиб келаётган “Олимпия куни” муносабати билан бир қатор мусобақалар ташкил қилинмоқда. Байрам доирасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ташаббус кўрсатаётган хаваскор югурувчилар, «Асака» банк ходими Алимардон Собиров ва Михаил Нурмуҳаммедов 42 кмга марафон югуришини амалга оширдилар.

 

“ProRun” югуриш клуби аъзоси ҳисобланувчи Алимардон ва Михаил пойтахтимиздаги Экопарк боғида старт олиб, шаҳар бўйлаб 42 км, 195 метр масофани босиб ўтишди. Шубҳасиз, жараён давомида барча карантин талабларига риоя қилинди. Бундай кунда вақтнинг асло аҳамияти йўқ, албатта. Муҳими, ушбу спортчилар юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида кўнгилли сифатида ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Оддий спорт ихлосмандларининг «Олимпия куни» муносабати билан амалга ошираётган шу каби ташаббусларини Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қўллаб қувватлайди ва қолганларни ҳам, бу йил нишонланаётган “Олимпия куни”нинг шиорида айтилганидек фаол, кучли ва соғлом бўлишликка чорлайди. #stayactive #staystrong #stayhealthy.