Умумжаҳон Олимпиячилар ассоциацияси (WOA) – дунёдаги Олимпия ўйинлари иштирокчилари бўлган спортчиларни бирлаштирган халқаро мустақил нотижорат нодавлат ташкилоти ҳисобланади. Халқаро Олимпия қўмитасининг президенти Хуан Антонио Самаранч таклифи бўйича 1994 йилда Парижда Олимпия ҳаракатининг 100 йиллигига бағишланган Бирдамлик Конгрессида ташкил этилган эди. У ҳозирги пайтда 143 та Миллий Олимпия ассоциацияларини бирлаштирган.
Умумжаҳон Олимпиячилар ассоциацияси ўзининг Олимпиячилар учун Грантлар дастурини эълон қилди. Ушбу Грантлар дастури WOAнинг 2020 йилги мазкур дастури доирасида COVID-19 пандемияси таъсиридан қийналаётган Олимпиячиларни қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлайди.
– Биз жаҳондаги Олимпиячиларни руҳлантиришни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз, – дейди Умумжаҳон Олимпиячилар ассоциацияси президенти Жоэль Бузу. – Лойиҳаларда кўзланган мақсадларни амалга ошириш Олимпия ҳамжамияти бу йил дуч келган муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади. WOA одамларнинг ҳаётига амалий таъсир кўрсатадиган Олимпия лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди. Биз бу ҳаётбахш лойиҳаларнинг амалга оширишга ёрдам беришдан мамнунмиз.
Олимпиячилар ёки жамоаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ҳар бир лойиҳа Миллий олимпиячилар ассоциациялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва WOAдан молиявий ёрдам олади.
Биринчи марта 2016 йилда ишлаб чиқилган WOAнинг Грантлар лойиҳаси Олимпиада қадриятларига мувофиқ олимпиячиларни мунтазам қўллаб-қувватлашга йўналирилган 50 тадан кўпроқ лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди.
WOAнинг Грантлар лойиҳаси, жумладан Олимпия ижтимоий, экология ва таълим дастурларини, шу жумладан, Ҳиндистон ва Литвада сув тошқинининг олдини олиш, Молдовада атроф муҳитни муҳофаза қилиш учун Олимпия ҳамжамиятини бирлаштириш, Малайзияда Олимпиячиларни яна мактабга жалб этиш, болаларга сифатли таълим бериш ва уларни спорт билан машғул қилиш дастурларини қўллаб-қувватлайди.