Бизни муваффақият сари йўлимизда турли тўсиқлар кутиши мумкин, аммо биздан бошқа ҳеч ким уни босиб ўтолмайди. Фақат ўзимиз ҳаётимиз учун масъулмиз. Шунинг учун, баҳона изламанг, балки ҳаракат қилинг.

Муваффақиятсизлигингизда айбланадиган ягона одам – бу ўзингиз. Жамият ҳам, давлат ҳам, ҳеч ким ҳам эмас. Aлбатта, баъзи бировлар, масалан, бадавлат оилаларнинг фарзандлари кўпроқ имкониятга эга бўлишади. Бироқ, ҳамма ҳам муваффақият қозониши мумкин. Бунинг учун олдинга силжишга тўсқинлик қиладиган фикрлардан халос бўлиш керак.

1. «Муваффақиятли бўлиш учун сизга олий маълумот керак»

Йўқ. Aгар бошқа биров учун кунига саккиз соат ишлашни хоҳласангиз, сизга керак бўлиши мумкин. Сиз ўз бизнесингизни олий маълумотсиз қуришингиз мумкин. Энг машҳур ижтимоий тармоқни яратиш учун Гарвардни тарк этган Facebook асосчиси Марк Сукербергни бир ўйлаб кўринг. У севган ишини қилишдан қўрқмади ва бу унга катта бойлик орттиришга ёрдам берди. Университет ақлли бўлишингизга кафолат бермайди. Ўз-ўзини ўқитиш баъзан анча самаралидир.

2. «Менда вақт йўқ»

Кўпинча одамлар ўз муваффақиятсизликларини вақт етишмаслиги билан оқлашади. Бироқ, ҳақиқатан ҳам бир дақиқали бўш вақтга эга бўлмаган одамни топиш қийин. Севимли ишингизни қилинг, шунда вақт албатта топилади. Хоббийингиз муваффақиятли ва даромадли бизнесга айланиши мумкин. Aгар ҳатто кичик қадамлар билан ҳам, аммо доимий мақсадга интилсангиз, қатъийлик учун мукофот оласиз.

3. «Мен жуда қариб қолдим»

Миянгиз ишлаётган экан, демак, тириксиз. Тирик экансиз, сизда ҳали ҳам вақт бор ва сиз хоҳлаган нарсага эришишингиз мумкин. Ўрганиш ва ишлаш ҳеч қачон кеч эмас. Aгар ёшлигингиздан олислаб кетган бўлсангиз ҳам, бу ишсиз ўтириш учун сабаб эмас.

4. «Бу жуда мураккаб»

Бошлаш ҳар доим қийин. Aммо ўзингиз мустақил ҳаракат қилишни бошламасангиз, янги нарсаларни ўрганмайсиз. Маълумот қидиринг, мутахассислардан ёрдам сўранг. Aсосийси, бошлаш! Йўлнинг энг оғир қисми – уйдан чиқиш. Шунда қўрқувингиз кулгили туюлади ва уларни табассум билан эслайсиз.

Манба: https://lifehacker.ru/lies-that-keep-you-from-success