Теннис – Олимпия ўйинлари дастурига киритилган ва миллионлаб мухлисларга эга спорт турларидан бири. Ушбу спортнинг ҳам ўзига яраша жозибаси ва чиройи бор.

Ушбу видео лавҳада теннис тарихидаги энг зўр финаллардан бири, шу билан бирга, «Катта дубулға» турнирларида энг узоқ давом этган чемпионлик ўйинини ёд оламиз. 2012 йил Австралия очиқ чемпионатининг эркаклар ўртасидаги ҳал қилувчи баҳси мазкур номга лойиқ топилган. Ўша пайтда жаҳоннинг биринчи ва иккинчи рақамли теннисчилари бўлиб турган сербиялик Новак Жокович ва испаниялик Рафаэл Надаль ўртасидаги ўйин оз эмас, кўп эмас 5 соат, 53 дақиқа давом этган. Якунда сербиялик ракетка устаси 5:7, 6:4, 6:2, 6:7, 7:6 ҳисобларида ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритган.