Миллий гвардиячилар спортнинг кроссфит турини ўрганмоқда

Миллий гвардиячилар спортнинг кроссфит турини ўрганмоқда

 
Миллий гвардия ходимлари коронавирус пандемияси сабаб юртимизда карантин даври жорий этилганига қарамасдан жисмонан соғлом бўлиши учун спорт машғулотлари билан мунтазам шуғулланишда давом этмоқдалар.
 
Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан эндиликда спортнинг янги – кроссфит тури ўзлаштирилмоқда. Машғулотлар Миллий гвардия ихтисослаштирилган ўқув марказининг жисмоний тайёргарлик бўйича инструктори Л.Раҳматуллаева томонидан ўтказилмоқда.
 
photo_2020-05-16_17-49-07.jpg
 
Кроссфит билан шуғулланиш барча машғулотлар каби баданни қиздириш машқларидан бошланади. Бунда машғулот иштирокчилари енгил югуриш, ўтириб юриш, ерга таянган ҳолда ҳаракатланиш, сакраш каби машқларни бажарадилар. Кроссфит ўзида енгил ва оғир атлетика ҳамда спорт гимнастикасини мужассамлаштирган.
 
2000 йилда Америка Қўшма Штатларида асос солинган кроссфит залларидаги машғулотлар штанга, тошлар, гимнастик айланалар, турник, эйр байк, гантель ва шу каби спорт анжомлари ёрдамида ўтказилади. Бироқ бунда шуғулланувчининг тана оғирлиги, тезлиги ва бажариш масофаси инобатга олинади, яъни машқлар дастури ҳар бир шуғулланувчи кроссфитер учун индивидуал тарзда шакллантирилади.
 
photo_2020-05-16_17-49-37.jpg
 
Шу сабабдан мазкур спорт билан турли ёшдаги инсонлар шуғулланиши мумкин. Албатта, бунда ёш доирасидан келиб чиққан ҳолда машқларнинг даражаси белгиланади.
 
Демак, асосан аэробика, оғир атлетика, шахсий тана оғирлиги билан ишлаш машқларидан иборат бўлган мазкур спорт тури ходимларда энг аввало куч, ирода ва чидамлиликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
 
Нафосат Зафарова,
Миллий гвардия Ахборот хизмати мутахассиси.