Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси лангарчўп билан баландликка сакраш бўйича дунёнинг энг кучли спортчилари ўртасида онлайн мусобақа ўтказди. Бу мусобақа “Ultimate Garden Clash-Pole Vault Edition” деб аталди.
Мусобақанинг биринчи тури дуранг натижа билан тугади. Швециялик жаҳон рекордчиси Мондо Дюплантис ва 2012 йилги Олимпиада чемпиони франциялик Рено Лавильени онлайн беллашувда икки карра жаҳон чемпиони америкалик Сэм Кендриксни бир хил натижа билан ортда қолдиришди.
Лангарчўп билан баландликка сакраш бўйича уч спортчи томонидан тайёрланган ушбу мусобақа ўзига хос пойгани эслатарди. Бунда 30 дақиқа мобайнида ким 5 метрга энг кўп сакрай олишини кўриш мумкин эди. Бунда ушбу мусобақа спортчилар уйининг ҳовлисида, хавфсиз ва қулай шароитда ўтказилди.
Мусобақада анча вақт Дюплантис пешқадамлик қилди, аммо Лавильени белгиланган вақт тугашига қадар ҳисобни тенглаштира олди. Ушбу икки спортчи 30 дақиқада 5 метр баландликдан 36 марта сакраб ўтишга улгурдилар. Кендрикс эса ана шу вақт ичида атиги 26 та муваффақиятли сакрашни амалга ошира олди.