Бугун каратэ бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мураббийи Дилноза Бакирова ҳамда пара-сузиш бўйича терма жамоамиз вакили Шоҳсанам Тошпўлатова ўз таваллуд айёмларини нишонлашмоқда.

Дилноза Бакирова 1986 йил 4 май куни таваллуд топган. Спортчилик фаолияти давомида бир қатор муваффақиятларга эришган кун қаҳрамони эндиликда терма жамоа мураббийлар штабида фаолият олиб бормоқда. Эътиборлиси, Дилноза Бакирова каратэ спортида халқаро тоифадаги тренер мақомига эга ягона аёл мураббийимиздир.

Шоҳсанам Тошпўлатова 1997 йил 4 май куни Андижон вилоятида таваллуд топган. Пара-сузиш бўйича жаҳон чемпионати ва жаҳон кубокларида бир неча бор шоҳсупага кўтарилган. 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган Паралимпия ўйинларида 2 та бронза медалини қўлга киритиб, делегациямизнинг оламшумул ғалабасига ўз ҳиссасини қўшган. Тошпўлатова, шунингдек, Индонезияда ўтган Пара-Осиё ўйинларида ҳам бир неча бор чемпионлик унвонига эга бўлди. Шоҳсанам ўтган йили пара-сузиш бўйича жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, Токио Паралимпиадасига йўлланма олган.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳар икки вакилимизни бугунги таваллуд айёми билан муборакбод этиб, уларга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.