Ҳар бир соҳада фидоийлилиги ва садоқати билан меҳнат қилиб, юксак марраларга эришиб келаётган хотин-қизларимизнинг ютуқлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Айни пайтда муҳтарам Президентимизнинг жамиятимиз ривожи йўлида аёлларга бўлган ишончини яққол кўришимиз мумкин. Бунга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда бошқа вазирлик, идора ва ташкилотларида фаолият олиб бораётган раҳбар аёллар мисол бўла олади. Кези келганда шуни айтиш жоизки, аёл киши жамият ва оиладаги масъулиятини тенг баробар олиб бориши жуда қийин. Бироқ оила бекасининг фидоийлиги, ҳалоллиги, ўз ишига профессионал ёндашуви ва вақтни тўғри тақсимлай ола билиши, қолаверса оиласи ва фарзандларига бўлган чексиз муҳаббати уни ҳар қандай қийинчиликлардан қўрқмай олға қадам билан чиқиб кета олишига имкон беради.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, қолаверса Миллий олимпия қўмитасидаги меҳнат фаолиятимда нафақат ўз касбимга, балки спорт соҳасига бўлган қизиқишим янада ортди. Касбий фаолиятим давомида ҳеч қандай қийинчиликларсиз масъулият ва хотиржамлик билан ишимни давом эттиришда оиламнинг қўллаб-қувватлаб туриши менга ҳар доим ёрдам ва куч бериб келади.

 

Ўз соҳамда янада тажриба орттириш учун чет давлатларида малакамни ошириш, ҳамда спортнинг стол тенниси турига қизиқишим бўлганлиги учун унинг қай даражада ривожланганлигини кўриш менинг келажакдаги орзуйим.

Аёлнинг бахти – бу оилада севимли ёр, меҳрибон она, қўли ширин пазанда ва жамиятда тутган ўз касбининг фидойиси бўлиши деб биламан. Балки бежиз айтилмагандир – “Аёл борки, олам мунаввар”.

Шак шубҳасиз, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ўз касбимга қўйган меҳрим, унга масъулият билан ёндашишим ҳамда у ердаги меҳнатсевар ҳамкасбларим билан ҳақли равишда фахрланаман.

Муқаддас ХОЛДАРОВА,
МОҚ Умумий бўлим мудири